Дунё янгиликлари

Ўзбек олимлари Ҳиротда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаган халқаро анжуманда қатнашди

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Навоий меросини ўрганиш бўйича дунёнинг етакчи адабиётшунослари, олимлари, илмий тадқиқотчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистондан таниқли навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, филологлар ва Алишер Навоий ижоди билимдонлари қатнашди. Улар ўз чиқишларида улуғ шоир шеърий ва насрий асарларида инсонпарварлик, маърифат, тинчликсеварлик каби юксак умуминсоний ғояларни куйлагани, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганини таъкидлади.

Анжуманда Ўзбекистон президенти номидан афғон халқига совға сифатида чоп этилган Алишер Навоийнинг «Хамса» асари тақдим этилди. Уни давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев топширди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ҳиротга амалий ташрифи давомида буюк шоир мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, Алишер Навоий қабрига гуллар қўйилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1137 марта ўқилди

Янгиликлар

Top