Дунё янгиликлари

Халқаро Қуръони карим мусобақаси давом этмоқда

Шу йилнинг 12 апрель куни бошланган Кувайт шаҳридаги VIII Халқаро   Қуръони карим мусобақаси давом этмоқда. 

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилмоқда:

  1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  2. Қуръони каримни ўн хил қироат билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  3. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиш.
  4. Қуръони каримга хизмат қиладиган муассасалар ва жамиятлар лойиҳаларидан энг яхшисини тақдирлаш.

Кувайт “Вақф ва Ислом ишлари Вазирлиги”даги Қуръони карим бўлими мудири Аҳмад Тавил ўз сўзида  мазкур мусобақани ўтказишдан Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича ёшларни мусобақага қизиқтириш, уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишга рағбатлантириш ва Қуръони каримга хизмат қиладиган энг яхши лойиҳаларни мукофотлаш мақсад қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, Аҳмад мусобақа фаолияти давомида илмий мажлислар ва кўргазмалар ташкил қилиниши,  Қуръон илмлари бўйича етук олимларнинг Қуръони карим фазилати ва шу каби масалалар ҳақидаги маърузалари тингланишини қўшимча қилди. Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада 80та давлатдан 124 нафар вакиллар иштирок этмоқда.

Юртимизнинг 2 нафар вакили – Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси Нуриддинов Аъло ва “Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом билим юрти талабаси Абдуҳалимов Аҳмадулло Кувайт давлатида ўтказилаётган мазкур мусобақада иштирок этмоқда.                                                                             

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс Аҳмедов

тайёрлади

6812 марта ўқилди

Янгиликлар

Top