Дунё янгиликлари

Индонезияликлар Имом ал-Бухорий ҳақида фильм суратга олмоқда

Шу йилнинг бошида Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бошчилигидаги делегация аъзолари Малайзия ҳамда Индонезияда бўлиб қайтганди.
“Зарафшон” нашри билдиришича, ташриф давомида ўзбекистонлик делегация аъзолари Индонезиянинг “NET MEDIA” медиа ташкилоти раҳбари Эко Ювоно билан ҳам учрашиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш бўйича келишувга эришган эди. Ушбу келишув сабаб, яқинда Самарқандга мазкур медиа каналлардан бир гуруҳ журналистлар келиб, мамлакатимизда бошқа давлатларнинг мусулмон аҳли зиёрат этиши мумкин бўлган тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ҳақида ҳужжатли фильм тайёрламоқда.
- Самарқанднинг жуда кўп тарихий ҳудудларини кўрдик, тасвирга олдик, - дейди Muslim Travelers канали мухбири Chiki Fawzi. – Мазкур лавҳаларимиз айнан Рамазон ойида эфирга узатилишини ҳисобга олган ҳолда бу ердаги буюк алломалар хоки пойлари ётган муқаддас қадамжолардан, Имом Бухорий мажмуасидан кўпроқ лавҳалар тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Самарқандга биринчи келишим, бу шаҳар менда ўзгача таассурот уйғотди. Одамлар жуда хушмуомала, таомлари эса ҳар қандай ширинтомоқ кишиларни сеҳрлаб қўяди. Самарқанддан сўнг Бухорога ҳам бориб, у ердаги тарихий обидаларни ҳам тасвирга олишни режалаштирганмиз.
Индонезияда 250 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризми борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир неча халқаро анжуманлар ўтказилди, кўп сонли мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатлар билан туризм бўйича ўзаро алоқалар ўрнатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуо хизмати

925 марта ўқилди

Янгиликлар

Top