Дунё янгиликлари

Оламшумул кашфиёт: викинглар ислом таъсирида бўлган

Швециялик археологлар викингларнинг X-асрга оид қабрларидан Аллоҳга ҳамду-санолар битилган мато бўлакларини топишди. Олимларнинг айтишича, бу топилма викингларнинг ислом билан яқинлигини кўрсатувчи "ақлбовар қилмас кашфиёт"дир, деб ёзмоқда The Independent нашри.

Дастлаб қабрда топилган шойи мато бўлаклари викингларнинг оддий безаги деб ҳисобланган. Бироқ топилган матоларни Уппсала университети археологи Анника Ларссон қайта кўздан кечирганда, уларга туширилган ёзувлар ўзида араб хаттотлигининг энг қадимий кўриниши бўлган куфий ёзувини акс эттиришини кўрсатган. Ёзувлар ўрта аср бошларига тегишли иккита қабрдаги кийимларда аниқланган. Бу эса викингларнинг дафн маросимларига ислом дини кучли таъсир қилганидан дарак беради. Бу қабрлар Бирке ва Уппсала шаҳарларида топилган.

Матоларда Аллоҳга ҳамду-санолар битилган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобийси ва куёви Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида эслатмалар ҳам келтирилган.

 

Олиманинг айтишича, бу ёзувлар мусулмон дунёсидан ғарбда топилгани "ҳайратомуздир". Унинг таъкидлашича, қадимий скандинавлар исломнинг ўлимдан кейин жаннатда абадий ҳаёт ҳақидаги ғоялари таъсирида бўлганлар.

Яна бир қизиқ ҳолат шу бўлдики, "Аллоҳ" сўзи аксича ёзилган. Тахмин қилинишича, бу ёзувларни чапдан ўнгга ўқий олиш мақсадида қилинган. 

"Қуръонда жаннатийлар шойидан тикилган кийимларда юришлари ёзилган. Бу эса викинглар қабрларида ёзувлар билан бирга шойи матосининг борлигини тушунтириши мумкин. Бу мато ҳам эркаклар, ҳам аёллар қабрларида бирдек тарқалган", деб айтмоқда олима.

Тахмин қилинишича, ушбу матолар қадимги Эронда ва Ўрта Осиёда тайёрланган.

Манба: kun.uz 

 

556 марта ўқилди
Top