Дунё янгиликлари

Кувайтда IX Халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланди

Бугун,  11 апрель куни Кувайт давлати амири Шайх Собаҳ ал-Аҳмад ҳазрати олийлари раҳбарлигидаги  IX халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланади.  

Мусобақа 18 апрелга қадар  давом этади, У қуйидаги 4 йўналишда бўлади:

  1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  2. Қуръони каримни ўн хил қироат билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  3. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш.
  4. Қуръони каримга хизмат қиладиган муассасалар ва жамиятлар лойиҳаларидан энг яхшисини тақдирлаш.

Кувайт давлати Вақф ва Ислом ишлари вазирлиги вакили Фарид Имадий мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган нутқида  мазкур мусобақани ўтказишдан Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тафсир қилиш бўйича ёшларни мусобақага қизиқтириш, уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишга рағбатлантириш ва Қуръони каримга хизмат қиладиган энг яхши лойиҳаларни мукофотлаш мақсад қилинганини таъкидлади ва бу йилги мусобақада 79 давлатдан 130 нафар вакиллар иштирок этаётганини маълум қилди.  Шунингдек,  Имадий  мусобақа фаолияти давомида илмий мажлислар ва кўргазмалар ташкил қилиниши,  Қуръон илми бўйича етук олимларнинг Қуръони карим фазилати ва шу каби масалалар ҳақидаги маърузалари тингланишини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Кувайт Вақф ва Ислом ишлари вазирлигидаги Қуръони карим масалалари бўйича вакил ўринбосари Доктор Валид Кандарийнинг айтишича, мусобақанинг ҳифз йўналишида 72 нафар, ўн хил қироатда ўқиб бериш йўналишида 19 нафар ва тажвид қоидаси билан ўқиб бериш йўналишида 39 нафар қорилар иштирок этмоқда. Бу йил 4 йўналиш бўйича ғолибларга тақдим этиладиган пул мукофотлари маблағи 130 минг Кувайт динорини ташкил қилиши кўзда тутилган.

Юртимизнинг икки нафар вакили – Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имоми ноиби Исмоилжон қори Қурбонов ва Тошкент ислом институти талабаси Абдулазиз қори Раҳмонбердиев ҳифз ва мужаввид йўналишида мусобақада иштирок этмоқда.  Қориларимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

 

 

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими Илёс Аҳмедов тайёрлади.

2231 марта ўқилди

Янгиликлар

Top