Дунё янгиликлари

Таиландда биринчи ҳалол меҳмонхона очилади

Таиландда биринчи тўла ҳалол меҳмонхона сертификатланди, чунки мамлакатга мусулмон ўлкалардан келадиган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда.

«Ҳалол» тушунчаси бутун ишлаб чиқариш жараёнига, ҳатто идишлар ва ускуналарни сақлаш ҳамда ишлатишга ҳам тегишлидир. Бунинг учун гигиена қоидаларига юқори даражада риоя қилиш керак», дея маълум қилади «Straits Times» нашрига таянию "info.islom".

Бангкокдаги «Ал-Мероз» меҳмонхонаси эътиқодидан қатъи назар ҳар қандай сайёҳларни таклиф қилмоқда, у ерда мусулмонлар учун зарур барча нарсалар муҳайё. Меҳмонхонада намозхоналар, аёллар ва эркаклар учун алоҳида бассейнлар мавжуд. Барча хоналарда қибла кўрсаткичлари қўйилган, ёлғиз саёҳат қилаётган аёллар эса назоратчилари ва барча хизматчилари аёллардан иборат қаватлардаги хоналарда туришлари мумкин.

«Баракат» ресторанида Яқин Шарқ, Ўрта Ер денгизи ва Жанубий Осиё халқлари миллий таомлари ҳалол стандартлари асосида тайёрланади. Яъни уларни пиширишда чўчқа гўшти ва алкогол ишлатилмайди.

Бундан ташқари, гўшт учун ҳайвонлар ҳам ҳалол талаблари асосида сўйилган, бунда тозаликка қатъий риоя қилинган, ҳайвонлар ҳалол боқилган.
«Ал-Мероз» меҳмонхонасига ҳалоллик сертификати Бангкокдаги Таиланд бош исломий кенгаши (CICOT) томонидан берилгани маълум қилинди.

Рестораннинг бош ошпази Афирук Манафоа таомлар ҳалоллик талабларига кўра қандай тайёрланишини айтиб берди:

«Мол гўштидан таомларни тайёрлашда қизил шароб ўрнига узум сиркаси ишлатилади, ҳалол новвойхона эса ҳайвон оқсилидан олинган желатин ўрнига ўсимлик хомашёсидан олинадиган пектиндан фойдаланади».
Таиланд Конституциясида бирон дин расмий ё давлат дини дея кўрсатилмаган. Аммо қонунга кўра мамлакат қироли худди унинг 94,5% аҳолиси каби буддист бўлиши керак.

Таиланд уч қитъадаги 60 дан ортиқ мусулмон мамлакатлардан сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш учун Бангкокда биринчи буткул ҳалол меҳмонхона очаётган бир пайтда, Таиланд қироллиги мамлакат жанубидаги мусулмонлар яшайдиган Патани вилоятини истило қилишда давом этмоқда. Ҳудуд 1909 йили Инглиз-Сиам келишувига биноан Таиландга ўтган эди.

109 йилдан бери давом этиб келаётган истило даврида Патанида 6500 мусулмон ўлдирилган, бу Таиланд қироллигининг умуман бошқача қиёфасини кўрсатади.

Бироқ мусулмон сайёҳларни ўзига жалб қилиш фойдали кўринади, бу "CrescentRating" ташкилоти томонидан тайёрланган ҳисоботда ҳам кўриниб турибди. Ташкилот Сингапурдаги ҳалол туризм бўйича етакчи маслаҳатчи саналади. Ҳисоботда қайд этилишича, 2017 йил мусулмон сайёҳлар сони 117,7 млн кишини ташкил қилди, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 168 млн га етиши тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, келгуси тўрт йилда мусулмон сайёҳларнинг 200 миллиард доллар миқдоридаги маблағни саёҳатларга сарфлаши кутилмоқда.

"CrescentRating"нинг бош директори Фазар Баҳардин айтишича, кўпгина давлатларнинг мусулмон сайёҳларга қизиқиши ортиши Форс кўрфазидаги араб давлатлари, Туркия, Малайзия, шунингдек, Европа ва АҚШдаги ўрта қатлам мусулмонларнинг тўлов қобилияти ошгани билан изоҳланади.

Ташкилот томонидан яқинда эълон қилинган рейтингга кўра мусулмон сайёҳлар учун энг севимли саёҳат йўналишлари орасида Малайзия (ИҲТга аъзо давлат), номусулмон мамлакатлар қаторида эса Сингапур, Таиланд ва Буюк Британия етакчилик қилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

2475 марта ўқилди

Янгиликлар

Top