Дунё янгиликлари

Нигерия. Пайшанба тонгги. Мамлакатнинг аҳолиси кўплиги бўйича иккинчи ўринда турувчи ва Ғарбий Африканинг шимолий қисмидаги саноат шаҳри Кано.

Кўчаларда анъанавий ва рангин либослар кийган одамлар юрибди. Бўш кўчаларда эса уч ғилдиракли велосипед ишқибозлари мусобақа ўтказмоқда. Бир гуруҳ ёш йигитлар қўлида бир шиша сув билан кўча тирбандлигида рикша ва машина ҳайдовчиларидан деразаларини ювиб ҳақ олмоқчи бўлади. Улар тез пайдо бўлди. Бошқа болалар ҳар учраган эшикни тақиллатиб иш излаб юрибди. Бу болалар шаҳарнинг шарқий чеккасидаги Таҳфидул Қуръон мактабида ўқийдиган 250 ўқувчининг бир қисми, ҳозир улар уч соатлик танаффусда. Бир неча эшикни тақиллатгандан сўнг болаларнинг омади келди. Иккита аёл уларни иккига ажратиб ювилмаган идишлар ва косаларга ишора қилди. Тез ишга киришган болалар икки соат ичида идишларни ювиб бўлди. Хизмати эвазига нонушта учун қайнатилган гуруч олишди. 13 ёшли Муҳаммад Сагирунинг айтишича, у ўзининг ёзув тахтачасини ювилмаган идишлар орқасига беркитиб қўйган. “Баъзи одамлар бу аёл сингари бизга иш беради, сўнг бунинг эвазига овқат улашади”.

Сагирунинг ёнида пешонасини қошигача қалин сочлари қоплаган ва тер босиб, оғир нафас олаётган 15 ёшли Умар Муҳаммад ўтирибди. “Биз бу ишда тўрт йилдан буён ишлаймиз. Бугун нонушта олишимиздан жуда хурсандман”, дейди Умар табассум билан. “Биз баъзида бутун танаффусимизни иш ва овқат излашга сарфлаб юборамиз. Мактабга оч борган кунларимиз ҳам бўлган”, дейди Сагиру. Қолган ўқувчилар чивинларга тўлган чодирлар остида ёғоч рамкаларда   Қуръон оятларини ўқиб ўтиришибди.

Аларамма Иса Сулаймон отасидан мерос қолган беш хонали интернат мактаби соҳиби. У бу мактабда 6 та ўқитувчи билан бирга ишлайди. “Мен ўқувчиларимнинг муаммоларни яхши биламан. Аммо биз уларни нонушта, тушлик ва кечки овқат билан таъминлашга қурбимиз етмайди. Биз нима ҳам қила олардик?” дейди у ўнг қўли билан бир томонда калтакланаётган ва бир томонда намоз ўқиётган болаларни кўрсатиб. “Улар ташқарига чиқиб кетишганда ҳар нарса бўлиши мумкин. 250дан ортиқ талабаларни таъминлашнинг иложи йўқ. Улар етарлича ухламайди ва овқатланмайди”,  деди Сулаймон. 

Ҳар бир талабанинг ота-онаси мактабга ҳар ойда 19 доллар тўлайди. Диний бўлмаган мактабларга қараганда анча арзон нарх бу. “Ота-оналарнинг аксарияти камбағал ва баъзан тўловларни тўлай олмайдилар. Уларнинг фарзандлари ҳайдаб юборилмайди. Аммо ҳукуматдан бизга ёрдам керак”, деди у баланд овозда.

Мактаб хоналарининг баъзилари каптархона, эчкихона бўлиб кетган. Ўқувчиларнинг устини ифлос қилмаслиги учун ўқувчиларни бошқа жойларга кўчиришга мажбур бўлишган. Ўқувчиларнинг ярми ташқарида ухлашади, чунки ичкарида ётадиган жой йўқ. Шафиу Муҳаммад синфдошлари ухлайдиган хона олдида турибди. У мактабга келганидан хурсанд, лекин ҳаёт стандартлари яхши бўлишини истайди. “Бу ерда ўқиш мен учун шараф ва бу имкониятни берган Аллоҳга миннатдорчилик билдираман. Биз орқа хонада ухлаймиз, аммо биз ухламаслигимиз керак, биз дуо қилишимиз керак”, дейди Шафиу орқасидаги хонани кўрсатиб. Шафиу бошқа талабалар сингари қўшни Жигава давлатидан келган. Унинг ота-онаси мактабнинг оғир шароитидан хабардор, лекин фарзанди таълим олаётганидан бахтиёр. “Ислом таълимоти уни ва бизни охиратда қутқаришига ишонаман”, дейди Шафиунинг отаси телефон орқали. “Унга жўнатишга пулим йўқ, лекин Аллоҳ таоло унга умид ва сабр беришини сўраб куну тун дуо қиламан”,  деди 52 ёшли ота.  


– Мамлакатдаги муаммоларни бартараф қилиш учун давлат буджетини охиригача сарф қилсак ҳам, муаммолар ҳал бўлмайди, – дейди губернатор ўринбосари Ҳафиз Абубакар. – Мамлакатда 14 мингдан ортиқ мактаб ва 3 миллионга яқин талаба бор. Кано – исломшунослик маркази. Шунинг учун бу ерга талабалар турли жойлардан ўқишга келишади. Имконият яратишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз.Кано Нигериянинг 9 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳри. Ҳукумат ёшларнинг ўқиш шароитини яхшилаш учун қўлидан келган барча ишларни қилаётир.

Сагиру ва Муҳаммад каби ўқишга меҳр қўйган талабалар шароит ёмон бўлса ҳам ўқишни ташлаб кетмайди. “Бу ерда ҳаёт кечириш осон эмас. Аммо биз Аллоҳ ва охират учун қийинчиликларга қарамай динимизни ўрганишда давом этамиз”, деди Сагиру. 

 

Интернет манбалари асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

329 марта ўқилди

Янгиликлар

Top