Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, электрон виза (E-VISA) тизими ҳамда Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишидаги авиарейсларнинг йўлга қўйилишига доир тақдимот ўтказилди. Бу ҳақида KUN.UZ хабар бермоқда.

Тадбирда Саудия Арабистони шайхлари, дипломатик корпус вакиллари, Туризм ассоциацияси вакиллари, Тадбиркорлар палатаси, маҳаллий сайёҳлик фирмалар, Ар-Риёддаги ўзбек диаспораси қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши остида IntouristUzbekistan, RixosTour ҳамда ShoshContactTravel сайёҳлик компаниялари ташаббуси билан ўтказилган тақдимот ҳақиқий ўзбекона руҳда ўтди.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов 15 июль куни мамлакатда йўлга қўйилган электрон виза ва Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек Саудия Арабистонининг туристик фирмалари ташкилотчилар томонидан Ўзбекистонга кириш электрон визаларини олиш тартиби билан таништирилди.

Бундан ташқари, янги - Тошкент-Жидда-Тошкент йуналишининг очилиши бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, яқин ойларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Жидда шаҳрида ҳам намойиш этилиши кутилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

2481 марта ўқилди

Янгиликлар

Top