muslim.uz

muslim.uz

Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).

Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди?

Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик. Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди. Шундай эмасми?

I

Бир куни пайғамбарларнинг отаси, бобомиз Иброҳим алайҳиссалом сўрадилар:

– Ё Парвардигори олам! Дард кимдан?

Аллоҳ таоло:

 Мендан, – деди.

Иброҳим алайҳиссалом яна сўрадилар:

– Даво кимдан?

Аллоҳ таоло яна:

 Мендан, – деди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом:

– Унда табибга не ҳожат? – дедилар.

Аллоҳ таоло:

– Табиб – қўлига даво юборилган кишидир, – деб марҳамат қилди.

Жаноби Пайғамбаримизнинг айтган муборак сўзларидан оладиган хулосамиз – қайси бир дард-касалликни Аллоҳ таоло юборган бўлса, демак, унинг шифосини ҳам юборган. Шифоси эса – табиб, шифокорларнинг қўлларида.

Яқин-яқингача айрим нодонлар юртимиз шифокорларига қўл кўтаришганини ойнаи жаҳон орқали кўриб, ранжидик. Ваҳолонки, бугун коронавирусга чалинган юртдошларимиздан (20 май ҳолатига кўра) 2372 нафарининг соғайишида шифокорларимизнинг хизмати беқиёс катта эканига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Икки ҳафта мобайнида оиласи бағридан ажралиб, халқ хизматига камарбаста бўлган шифокорларимизни аввалги мақолаларимизда замонамиз қаҳрамонларига менгзаган эдик.

Шарқу ғарб олимлари тан олган, XXI асрнинг нанотехнология замонасида ҳам асарларини бутун дунё халқлари бошга кўтараётган, жаҳоннинг олий тиббиёт муассасаларида китоблари ҳанузгача ўқитиб келаётган, Ер юзининг энг нуфузли тиббиёт академияларида илмий ишлари ўрганилиб келаётган, ёруғ оламдаги бутун бир улкан ва жиддий соҳа шу инсоннинг исмлари билан номланган Абу Али ибн Сино айтадилар:

Тузатиб бўлмайдиган дард йўқ,

Иродасизлик бор.

Шифобахш бўлмаган ўсимлик йўқ,

Илмсизлик бор.

Худои таоло барча махлуқоту мавжудотларини жуфт-жуфт қилиб яратган. Илло, Ўзигина яккаю ягона, ёлғиз холос! Ҳамма нарса жуфт-жуфт: қуёш-ой, ёз-қиш, эркак-аёл, оқ-қора, ер-осмон, жаннат-дўзах, ўлим-ҳаёт, савоб-гуноҳ, кеча-кундуз ва ҳоказо.

Демак, дарднинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – даво! Ҳар бир касалликнинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – шифо!

Модомики, Аллоҳ таоло ҳар бир дардга – даво, ҳар бир касалликка – шифо юборибдими, энди сизу биз бандаларининг иши – шу даво ва шифоларни излаб топиш!

Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширган“.

Зиёд ибн Алақа разияллоҳу анҳу Усома ибн Шерик разияллоху анҳудан бундай ривоятни келтиради: “Мен Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Бир аъробий келиб:

– Ё, Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўради.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари! Даволанинглар! Чунки Аллоҳ таоло қандай дардни яратган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам яратган. Лекин битта дарднинг давоси йўқ, – дедилар.

Саҳобийлар:

– У қайси дард? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ алайҳис салом:

– Қарилик, – деб жавоб бердилар.

Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Ҳар бир дарднинг давоси бор. Агар даво дардга етиб борса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади” (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни соғлом жамият барпо этишга буюрганлар. Шу билан бирга, турли хасталиклардан сақланишни сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилганлар. Мўмин-мусулмон киши замонавий тиббиётнинг имкониятларидан фойдаланиб, Шофий (шифо берувчи) – Аллоҳ таолодан турли касалликлардан паноҳ сўраши зарур.

II

Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.

Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

Мусулмон” деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий ҳолати, тураржойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худони Ўзи ҳаммамизни асрасин!

Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳмиз...

Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Хулоса

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!

Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: “Дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: “ИМОН!” – деб жавоб беради.

Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сунай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: “Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди.

Келин куёвнинг кўзларига боқиб: “Дунёдаги энг гўзал нарса – СЕВГИ!” – дейди.

Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.

Аскар: “Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!” – дея жавоб беради.

Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, севги ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади.

Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг маъсум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида севги, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди.

Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни “Менинг уйим”, деб номлайди.

Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва СЕВГИдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР!

Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мардлик – қўрқувга ёт тушунча. Бугун юртимизнинг ҳамма  жойида мардлик кўрсатаётган қаҳрамонларимизни кўришимиз мумкин. Жон ичра жон бўлмиш  Ватан мана шу меҳнаткаш миллат сабаб гуллаб-яшнамоқда. Бу тупроққа киндик қони тўкилган ҳар бир инсон ушбу чаманга гуллаб турувчи ниҳол ўтқазади. Бу ишларни амалга ошириш учун албатта соғлом бўлмоқлик шарт. Бизнинг Ватанимизда “COVID-19” деганларини енгишда халқнинг бирдамлиги, Юртбоши раҳбарлигидаги жипслик асосий сабаб-восита эканлигини ҳаёт исботламоқда. Мен  Ёзёвоннинг бир қишлоғида яшовчи юрт аёли, бахтли она, пиру бадавлат буви сифатида қаҳрамонларни узоқдан изламай, қишлоғимнинг фидойи фуқаролари тимсолида халқсеварлик, юртсеварлик суратини чизиб бермоқчиман.

Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон арафасида  диёримизда келиб чиққан вазиятлар туфайли “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилишлари халқимиз учун хайрли қадамга бир чақириқдай бўлди.  Хайриялар манзилли  ташкил этилди, ифторликларга сарф этиладиган ҳаражатларни эҳтиёжмандларга йўналтирилди, бу ишлар жиддий тартиб асосида ташкил этилди.  Юртбошимизнинг куюниб: “Буларнинг бари ҳеч бир таъмасиз, бу менинг энг яқин ватандошим, деб меҳр билан қилиниши керак”, деб айтган сўзлари имконияти бор инсонларни саховатга чорлади.

Барча туман ва чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермерлар, ташкилотлар аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдамлар кўрсатишмоқда. Бу ишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бош-қош бўлаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда. Юртбошимиз бу хайрли йўлда ташкилотчиларни ҳам қўллаб-қувватлашларини, тадбиркор халққа бирни берса, бу синовли кунлар якунида ортиғи билан қайтарилишини айтиб, халқ  билан давлат чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Президентимиз нутқини тинглар эканман, кўзларимдан шукрона ёшлари сизиб чиқди. Туманимизда кечаётган жараёнлар мен каби нуроний муаллима аёлга  юксак ифтихор бағишлади.

Ёзёвонлик бир фермер юзлаб хонадонларга нон тарқатаётгани, яна бир халқнинг фидойиси ун, ёғни арзонлашган нархда кўчма дўконларда одамларга етказиб бераётгани, чевар аёллар ҳам уйда тинч ўтирмай ниқоб тикиб бепул  улашаётгани оддий ҳолатга айланиб қолди. Мақолани  қоралаш пайтимда тунни тонгга улаб, ойлаб оиласи бағридан узоқда хизмат бурчини бажараётган  Республика Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан  кўмакка мухтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар келди. Бундай хабарлар тинмай бир-бирига уланмоқда.

Донолардан бири “Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатни чил-парчин қилади”, деган экан. Кутилмаганда  ҳаётимизга  кириб келган бу вазият, мусибатларда имон-эътиқодимиз, сабр-бардошимиз яна бир синовдан ўтаётгандек. Юқоридаги фикр халқимизнинг танти, олижаноб, сабр-бардошли инсонларга қарата айтилгандек. Зеро, эҳсоннинг жавоби эҳсондир.

Илоҳим, ҳимматлилар сафи кенгаяверсин! Рамазон кунларида саховатпешаларнинг савобли амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин. 

 

Ўктамхон СОЛИЕВА 

Онлайн хабарни М.УЛУҒОВА ёзиб олди

 

 

Тез ўқиш дегани нима ва нега бизга бу керак?  Тез ўқиш шунчаки тез ўқиш ҳақида эмас.  Шунингдек, сиз ўқишни тугатганингизда қанча маълумотни эслаб қолишингиз мумкин.  Жаҳон чемпионатининг тезкор ўқитиш мусобақасида айтилишича, унинг энг яхши рақобатчилари бир дақиқада ўртача 1000-2000 сўз орасида.  Аммо улар мусобақада қатнашиш учун бунинг камида 50 фоизини эсга олишлари керак.  Бу хозирги вақтда одамлар катта ҳажмдаги маълумотни ўзлаштиришлари керак бўлган ҳар қандай шароитда тез ўқиш муҳим маҳоратга айланди.  Касбий ишчилар ҳар куни кўплаб ҳужжатларни топширишга ёрдам бериш учун ўқиш қобилиятига муҳтож, талабалар эса топшириқларни бажара олмаётганликлари сабабли ҳар доим кўпроқ ўқиш ва тезроқ ўқиш кераклигини ҳис қилишлари мумкин.  Ўқиш тезлигини оширишнинг турли хил усуллари мавжуд бўлса-да, ҳийла биринчи навбатда қандай маълумотни олишни ҳал қилади.  Масалан, агар сиз фақатгина муаммонинг қўпол кўринишини хоҳласангиз, унда материални тезда кесиб ташлаб, асосий далилларни чиқариб олишингиз мумкин.  Аммо, агар ҳужжатдаги ҳар бир тафсилотни тушунишингиз керак бўлса, унда буни тушуниш учун уни аста-секин ўқиб чиқишингиз керак.   Агар аҳамиятсиз тафсилотларни эътиборсиз қолдиришни билсангиз ҳам, ўқиш тезлигини оширадиган яна бир қанча яхшиланишлар мавжуд.  Масалан, кўпчилик жимгина ўқиса, тезроқ ўқий олади. Ҳар бир сўзни овоз чиқариб ўқиш, талаффуз қилинмасдан олдин миянгизда тўлиқ айланиш учун вақт талаб этади.  Баъзи тадқиқотчилар, биринчи ва охирги ҳарфлар мавжуд бўлганда, мия тартибни тушуниши мумкин деб ҳисоблашади мантиқий равишда ҳар бир бўлакни жойига қўйганлиги учун, бу сўздаги бошқа ҳарфлар.  яна бир муҳим усул.  Аксарият одамлар ҳарфларни хат орқали ёки сўзма-сўз ўқишни ўрганадилар.  Яхшиланганингиз сайин бу ўзгаради.  Эҳтимол сиз бир нечта сўзларга эътиборингизни қаратаётганингизни, кейин кўзларингизни кейинги сўзлар блокига йўналтирганингизни билиб оласиз.  Сиз бирма-бир эмас, балки бирма-бир сўзларни ўқияпсиз.  Сиз ҳар доим битта блокдан бошқасига ўтмаслигингизни пайқашингиз мумкин: баъзида бирон бир нарсада ишончингиз комил бўлмаса, олдинги блокка қайтишингиз мумкин.   Тажрибали ўқувчи ҳар бир блокда жуда кўп сўзларни ўқийди.  У ёки у ҳар бир блокни бир зумда кўриб чиқади ва кейин ҳаракат қилади.  Фақат камдан-кам ҳолларда ўқувчининг кўзлари аввалги сўзлар тўпламига қайтади.  Бу ўқувчининг кўзига тўғри келадиган иш ҳажмини камайтиради.  Бундан ташқари, маълум вақт ичида олиниши мумкин бўлган маълумотлар ҳажмини оширади.  Бошқа томондан, секин ўқувчи кичик сўзларни ўқиш учун кўп вақт сарфлайди.  У тез-тез орқага қайтиб, матннинг тузилиши ва тузилишини йўқотиб, мавзу ҳақида умумий тушунчани бузади.  Кўзнинг бундай тартибсиз ҳаракати тезда  чарчатади.  Ўқиш тезлигини оширишга қодир бўлган энг яхши маслаҳат бу машқ қилишдир.  Буни самарали бажариш учун одам материал билан шуғулланиши ва кўпроқ нарсани билишни исташи керак.  Агар сиз доимий равишда битта хат бошини қайта-қайта ўқиб туришга дуч келсангиз, диққат эътиборингизни жалб қиладиган ўқиш материалига ўтишингиз мумкин.  Агар ўқиётган нарсаларингиз сизга ёқса, тезроқ ривожланасиз . 

Имом Бухорий номли Тошкент Ислом Институти Инглиз  тили ўқитувчиси Қодиров Ф 

Тасаввур қилинг, сизнинг ўта ашаддий душманингиз бор. У сизга шу даражада  душманчилик қиладики унга қарши туришга сизда мадор қолмаган. Камига, у сиз бутун умрингизни тиккан, бор кучингиз билан ҳаракат қилаётган ҳамда бутун ўй-фикрингизни эгаллаган орзу ва мақсадингиз йўлида энг катта тўсиқ бўлиб турибди. Сиз мақсад сари қанча ҳаракат қилсангиз у сизни бу йўлдан буриб юбориш учун сизданда кўп тер тўкмоқда. Унинг бу зулмларидан, сизга ёмонликларидан чарчадингиз, кучингиз қолмади. Айни шундай ҳолда қийналиб турганингизда сизга бир хушхабар етиб келди. Билдингизки, душманингиз қилган жиноятлари сабаб кишанланибди, мақсадингиз тарафга эса бир қадам қолган. Ушбу хабардан қанчалик хурсанд бўласиз? Нималарни ҳис этасиз? Юрагингиз ҳапқириб, ҳаяжондан ёрилишига бир баҳя қолади, шундай эмасми?

Агар ушбу ҳолатни тасаввур қила олган бўлсангиз биз сизга етказмоқчи бўлган хушхабарни қабул қилинг. Бизнинг энг катта душманимиз бўлган, доимий бизни васвасага соладиган шайтон кишанланган, энг катта орзуйимиз, бутун вужудимиз билан талпинаётганимиз жаннат эшиклари эса ланг очиқ турибди. Ушбу хушхабарни биз ўзимиз ўйлаб топганимиз йўқ. Бу хабарни инсонларнинг энг ростгўйи, икки олам саййиди ва суюкли Ҳабибимиз (с.а.в) айтмоқдалар. Келинг, У зотнинг сўзларига қулоқ тутинг: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ». رواه البخاري ومسلم.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазон келганда жаннатнинг (барча) эшиклари очилади, дўзахнинг (барча) эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бундай ажойиб хушхабарни эшитган ҳар қандай мўмин беихтиёр ҳар куни Рамазон бўлишини, бу ой уни ҳеч қачон тарк этмаслигини истайди. Ҳар кунимиз Рамазон бўлиши учун эса ушбу ойни ғанимат билиш, унда амалларни кўпайтириб олиш лозим. Агар биз йил бўйи айни шу кайфият бизни тарк этмаслигини истасак бу ойда ўзимиз учун бирор яхши амални вазифа қилиб доимий одатга айлантириб олишимиз керак бўлади. Масалан, аваллари Қуръон тиловатини камроқ қилган бўлсак бу ойда кунлик вазифани ўқишга одатланишимиз ва буни йил давомида тўхтатмаслигимиз ёки жамоат намозларига бироз бепарволик қилган бўлсак бу ойда жамоатга одатланиб йил бўйи амал қиладиган одатимизга айлантириб олишимиз лозим. Ана шунда бу гўзал ойнинг шукуҳи бизни йил давомида тарк этмайди ва шайтонлар кишандан бўшатилганда ҳам улар бизнинг амалларимизга тўсқинлик қила олмайди.

Аллоҳ таоло ушбу муборак ойнинг қолган ўн кунлик – маърифат даҳасини ҳам ғанимат билишимизни, унда солиҳ амалларни янада кўпайтириб олишимизни барчамизга насиб айласин. Ҳар кунимиз Рамазон бўлсин!

Ийсохон Яҳё тайёрлади

2020 йил бутун дунё халқлари учун ғоят синовли давр бўляпти. Барча бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Лекин, шунга қарамай, бу ўлат ҳали-ҳануз тарқалишда давом этяпти. Охирги маълумотларга кўра, дунё миқёсида 4 миллион 900 минг нафардан ортиқ кишида инфекция аниқланган. Вафот этганлар сони эса 323 мингдан ошиб кетди.

Бу рақамлар ҳар биримизни янада ҳушёрликка чақириб, гигиенага қоидаларига қатъий риоя этиб, карантин талабларини бузмасликка ундаши керак.

Жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз: “Коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириш керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш одатий қоидага айланиши зарур”, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, тан олиб айтиш жоизки, биз ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўйган эдик. Динимиз таълимотига, маънавиятимиз кўрсатмаларига риоя қилишда сусткашликларга йўл қўйдик. Тўй-ҳашамлар, оилавий танталарда очиқчасига “кимўзар”га (!) киришиб кетдик. Исрофга ружу қўйдик.

Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаш зарур бўлган маблағларни тўй қиламан деб бир кунда кўкка совурдик. Афсуски, бундай ишларга қурби етган ҳам, етмаган ҳам киришиб кетди. Оқибатда айримлар бир умр қарз тўлашни зиммасига олди.

Бежиз маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур...

...Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болалар ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун”, деб куйиб-пишмаган эди.

Таъбир жоиз кўрилса, коронавирус бошимизга гурзидек “урилмагунича” кўзимизни очмадик. Умр бўйи йиғган маблағларимиздан закот, ушр беришни унутиб қўйдик. Эҳсонларга, тўйларга очлар четда қолиб, тўқларни таклиф этдик. Бунинг оқибатида риё, сумъа каби иллатлар урчиди. Бу дунёда яшашдан мақсад фақат тўй қилиш экани, афсуски, онгуу шууримизга сингиб қолди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бежиз карантин тугагандан кейин ҳам тўй-маросимларни жуда чекланган ҳолда ўтказиш зарурлигини таъкидламадилар. Ахир, динимиз таълимотида ҳам дабдаба билан тўй қилиш қаттиқ ва қатъий қораланади.

Ҳар сўз ва ҳар ишда бизларга ибрат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўй қилганлари ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва Сафия бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Мен мусулмонларни валимага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сариёғ ташланди. У зотнинг валималари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ривояти).

Тарихга назар солинса, ўтган умматларга ёғилган бало-офатлар уларнинг туғёнга кетиши туфайли содир бўлган. Худди шундай биз ҳам Буюк Яратувчини эсламай қўйдик. Ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдик. Қадриятларимизни беқадр қилдик. Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдик.

Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.

Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга, қаноатга ўргансак, олдинги қилмишларимиздан хулоса чиқарсак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса.

Мен 2020 йилни саодат асрида бўлган “маҳзунлик” йилига қиёслагим келди. Ўша йили Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячилари бўлган икки буюк шахс Хадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб оламдан ўтди. Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни, асосан, жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилган бўлса, Хадича онамиз у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Ўша йили Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини кўтариш, умидларини узмаслик мақсадида ҳузурига чорлади: Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”лиги илоҳий тақдир билан исботланди (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, насиб этса. Буюк Раббимиз худди халили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби бизни ҳам коронавирусдан асрагай, иншоаллоҳ! Энг муҳими, карантин тугагандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Янгиликлар

Top