muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 05 Январь 2019 00:00

Ҳар кимнинг ўз ризқи бор

Эй одам фарзанди, агар дунё ахтариб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам ўзим тақсим қилиб қўйган ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман.
Ҳадиси қудсий.

Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер...” Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:
- “Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”
Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!” “Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, – деди донишманд. – От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб – бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”
- “Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг нима алоқаси бор?!”
- “Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан.

Хулоса: «Сен учун» деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. «Сен учун эмас» деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. На чумоли заиф бўлгани учун оч қолади ва на шер панжаси қувватининг зўрлиги билан доим қорин тўйдира олади.
Ҳамманинг ўз ризқи бор.

Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,
Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.
Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги
Мум эмас-да, эзиб хам қилиб бўлмас.
Умар Хайём


Б.Хайдаровнинг "Инсоннома" китобидан

Жорий йилнинг 5 январь куни Татаристоннинг Рибно-Слобод туманидаги Катта Елга қишлоғида қадимий масжидни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Маълумотларга кўра, ушбу масжид 1879 йилда қурилган.

«Татар-информ» ахборот агентлигининг хабар беришича, ушбу масжидни қайта тиклаш таъмирлаш ишлари машҳур архитектор Александр Попов томонидан амалга оширилади. Қадимий масжид йирик зал шаклида Қозон губернияси қарорига асосан қурилгани ва унинг минораси масжид марказида жойлашгани айтилган.

Бугун, 5 январь куни қайта таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал йиғилиш ташкил этилиб, унда Татаристон муфтийси Комил Самигуллиннинг иштирок этиши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Ал-Рай» сайтининг хабар беришича, Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги мамлакатда масжид ва Қуръон марказларини ривожлантириш бўйича махсус режа ишлаб чиққан. Вазир ўринбосари Фарид Амадининг маълум қилишича, 2019 йилда масжид ва Қуръон марказларининг барчаси CCТV (ёпиқ электрон телевизион тизимлари) билан жиҳозланади. Шунингдек, вазирлик томонидан Қуръони каримни ёд олиш ва Қуръон тадқиқотларини янада ривожлантириш бўйича алоҳида режа асосида ишлар ҳам олиб борилади.

"Ислом.уз" интернет нашрининг маълумотларига кўра, ҳозиргача шу йўналиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбилар вазирликнинг 2016–2021 йилларда Ислом тараққиёти юзасида ишлаб чиққан режасининг 86 фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввалроқ, Миср Араб Республикасида Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкил этилиши ва ўтказилиши, унда мисрликлардан ташқари хорижликлар ҳам иштирок эта олиши хусусида хабар берган эдик.

Шу кунларда Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкилий қўмитаси берган маълумотга кўра, мусобақа беш босқичда ўтказилади. IQNAнинг хабар беришича, ташкилий қўмита мусобақа шартларини эълон қилган.

Танлов шартларига кўра, мусобақада қатнашувчиларнинг ёш бўйича тартиби қўйидагича:

- биринчи босқич: 40 ёшдан;
- иккинчи босқич 30 ёшдан;
- учинчи босқич 25 ёшдан;
- тўртинчи босқич 15 ёшдан катта бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.

Мисрда истиқомат қиладиганлар azhar.eg/quranregister сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Мисрдан ташқаридаги номзодлар Ал-Азҳарнинг расмий мактуби юборилган Исломий марказлар ва мамлакатларда қайд этилишлари мумкин. Номзодлар жумодисоний ойининг охиригача рўйхатдан ўтишлари лозимлиги қайд этилган.

Мисрликлар учун мусобақанинг дастлабки саралаш босқичи жумодиссоний ва ражаб ойларида бўлиб ўтади. Мусобақанинг барча қатнашувчилари шаъбон ойининг 15-22 кунларида ўзаро куч синашадилар. Финал босқичи шаъбон ойининг 23-28 кунлари бўлиб ўтади. Рамазоннинг 8 кунида эса мусобақа натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top