Янгиликлар

БУЮК АЙРИЛИҚ

Ўзбекистон халқи ва ҳукумати ўта оғир жудоликка учради. Доно сиёсатчи, тинчликсевар, халқпарвар, буюк давлат ва сиёсат арбоби, улуғ йўлбошчи, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Мустақиллик” ва “Амир Темур” орденлари соҳиби, истиқлол меъмори, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти бутун мамлакатимиз аҳлини чуқур изтиробга солди. Тақдири азалийнинг қалами битган айрилиқ мусибати кўзларни аччиқ-аччиқ ёшга тўлғазди, қалблар эса маҳзунликка юз тутди. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари кўчаларида минг-минглаб, жойларда эса миллионлаб ватандошларимиз чуқур қайғу ила Юртбошимиз билан видолашди.
Борлиқ ҳаётини халқига, ватанининг озодлигига, унинг тинч-осудалигини таъминлашга қалб-қўри билан фидо этган, бутун Ўзбекистон ёшларини “Менинг болаларим”, “Менинг фарзандларим”, “Мен ёшларга ўзимга ишонгандек ишонаман!” каби ибораларни доимо такрорлаган отамиз, соябонимиз фоний дунёдан боқий дунё раҳмати узра юзландилар.

Муҳтарам Президентимиз ўзларининг доно сиёсати, ўткир фаросати, ўзбекка хос ғурури, узоқни кўра билиш қобилиятлари ва теран тафаккурлари билан тарихга кирдилар.
Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсатлари туфайли машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди.

Қишлоқ хўжалигидаги чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, ернинг ҳақиқий эгаси бўлган янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракати шакллантирилди. Қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини шаҳардагидан кам бўлмаслигини таъминлайдиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилди.
Давлатбюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бораётганини қайси давлат, қайси халқ ҳавас қилмаяпти, ахир.
Қатъиятлик ва бағрикенглик билан миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиромда муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бетакрор тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтариб, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини қозондилар.

Ватанимизнинг дунё рейтингларида йилдан йилга обрўси ошиб бормоқда. 12 йилдан бери иқтисодий ривожланишимиз 8%дан тушмай келмоқда. Шу боис Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига чиқаётир.
“Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб баралла айтадиган, “Муқаддас Ислом дини бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, уни ҳеч қандай куч чиқара олмайди!” дея доимо таъкидлайдиган Юртбошимиз эътиқодли мусулмон сифатида динимиз равнақи учун улкан ишларни амалга оширдилар. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди; мусулмонларга ўз ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун барча шароитларни яратиб берилди, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, мавжудлари қайта таъмирланди, кўплари янгидан барпо этилди; Тошкент ислом университети ташкил этилди; ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажаришлари учун дунё мусулмонларининг ҳавасини келтирар даражадаги қулай шароитлар яратилди.

Юртимиздаги қайси бир соҳага назар ташласангиз, раҳбаримизнинг оқилона сиёсатлари ана шу ўринда ўз аҳамияти билан гавдаланади. Қани энди яна Аллоҳ умр берганда эди, деган тасаввур ўксиган қалбимизда такрорланаётгандек бўлади.
Ватанимиз, халқимиз тинчлиги, фаровон ҳаётимиз учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган бу буюк зотнинг борган манзиллари, ётадиган маконларини жаннатдан бўлишини насиб айласин!


Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

 

3960 марта ўқилди

Янгиликлар

Top