Янгиликлар

Мир Араб билим юртига ташриф

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига АҚШ ислом жамияти ташкилоти раҳбари Арслон Сулаймон бошчилигида меҳмонлар ташриф буюришди. Меҳмонларни билим юрти мудири М. Нўъмонов қабул қилиб, мадраса тарихи ва фаолияти ҳақида гапириб берди. Улар билим юрти қабристони, ўқув машғулотлари ва билим юрти кутубхонасини кўздан кечирдилар. Шундан сўнг мартабали меҳмонлар билан учрашув ўтказилди. 

АҚШ ислом жамияти ташкилоти раҳбари Арслон Сулаймон суҳбат аввалида Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида яратилган шароитлар, дарс жараёни, кутубхона, талабалар билан учрашув  ҳақидаги таассуротларини гапириб, билим юрти маъмуриятига миннатдорчилигини билдирди ва Америка Қўшма штатлари мусулмонлари номидан салом етказди.

Ўзбекистонга ташриф буюришидан асосий мақсади, Тошкентда бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш ва Ўзбекистон Республикасининг турли жойларида яшовчи мусулмонлар билан учрашув экани ҳақида гапирди. Шундан сўнг билим юрти мудири М. Нўъмонов меҳмонларни билим юртига ташрифи билан қутлаб Ўзбекистон кўп миллатли ва диний бағрикенглик диёри эканини, унда мусулмонлар учун яратилган шароитлар, ўз фаолиятини олиб бораётган диний конфессиялар, буюк аждодларимиз ҳақида гапирди. Учрашув давомида билим юрти талабалари Ўзбекистонда динга берилган эътибор, билим юртида яратилган шарт шароитлар тўғрисида инглиз тилида гапириб беришди.

Сўнгра, меҳмон Арслон Сулаймон талабаларнинг инглиз тилида равон гапиришларидан хурсанд бўлганини, хозир уларнинг вақти келгани, ҳоҳласалар АҚШда таълим олишлари учун шароитлар борлиги, у ерда албатта дўстлар топилишини айтди. Шу билан бирга “Ўзбекистон мусулмонлари ва шу жумладан сизлар билан бирга ҳамкорлик қилишдан хурсандман. Ўйлайманки бу ҳамкорлик кенг кўламда давом этади” дея таъкидлади.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

5937 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Исрофнинг оқибати фақирлик БЕПУЛ WI-FI »

Янгиликлар

Top