Янгиликлар

Зиёратчиларимиз миннатдор

Собиқ мустабид тузум даврида ота-боболаримизга Ислом динининг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж амалини адо этиш армон бўлган. Ўша даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидан атиги  4-5 нафар киши борар эди. Ҳозирги кунга келиб ҳар йили 11 мингдан ортиқ фуқароларимиз ҳаж ва умра зиёратига бормоқда. Бу эса ўз навбатида истиқлолимизнинг самараси ва  буюк ютуғи саналади. Бунинг учун Яратганга чексиз шукурлар қилишимиз даркор.

Шу йилнинг 20 февраль куни  “Умра-2017” баҳор мавсумининг ишчи гуруҳи аъзолари, ошпазлар, шифокорлар, гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилардан иборат 230 нафари умра арконларини бажариш мақсадида Саудия Арабистонига 1-рейс билан жўнатилди.

“Ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Маккаи мукаррамада “Масжид ал-Ҳаром”дан 600 метр узоқликда жойлашган тўрт юлдузли “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Мавадда Нур” меҳмонхоналарида зиёратчиларимизга юқори савияда хизмат кўрсатилмоқда. Маккадаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасининг “РR” қаватида масжид мавжуд бўлиб, унда “Ҳарами шариф”га чиқишга қийналадиган, кекса ва имконияти чекланган зиёратчилар кундалик 5 вақт намозларини адо этиб бормоқдалар. Меҳмонхонанинг “R” қаватида 550 ўринлик ошхона мавжуд бўлиб, зиёратчиларимиз учун ҳар куни ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган эрталабки нонушта, икки маҳал иссиқ овқат, мева, сув, шарбат, қатиқ ва бошқа озиқ-овқатлар ҳамда узлуксиз иссиқ чой тақдим этилмоқда. Меҳмонхонанинг 23 қаватида ишчи гуруҳи штаби ва тиббиёт бўлими ташкил этилган.

24 февраль куни 1-рейс билан жўнаб кетган зиёратчиларимиз умра ибодатини бажариш мақсадида замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олишди. Зиёратчиларимизни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига олиб бориш, Мадина шаҳридаги қадамжоларига олиб чиқиш, ундан Макка шаҳрига ташиш ва у ердаги зиёратгоҳларга олиб чиқишда шинам автобусларда хизмат кўрсатилмоқда.

   Меҳмонхоналарга жойлашгач, юртдошларимизга моҳир ошпазларимиз томонидан тансиқ миллий таомларимиз тақдим этилмоқда. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига адашиб қолмаслиги учун меҳмонхона маълумотлари акс этган билак тасмаси ва меҳмонхона карталари тарқатилди.

Зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи каби муборак жойларга зиёратга олиб чиқилиб, мазкур қадамжолар тарихи билан таништирилмоқда. Шунингдек, уларни Маккаи мукаррамада “Нур” тоғи, “Мино”, “Муздалифа” ва “Арофот” водийсига олиб чиқиш режалаштирилган. Зиёратчилар ўз ибодатларини эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этмоқдалар. Улар умра ибодатини бажариш давомида 3 кун Мадинада ва 7 кун Макка шаҳрида бўлишади.

     Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги меҳмонхоналарда эркаклар ва аёллар учун алоҳида тиббиёт марказлари ташкил этилган бўлиб, мурожаат этишни истаган умрачиларимизга тиббий ёрдам шу ернинг ўзида кўрсатилиши имконияти тўла таъминланади.

“Умра–2017” мавсумининг баҳор мавсуми зиёратчиларини кутиб олиш ишлари шу йилнинг 2 мартидан 11 апрелига қадар ташкил этилиши режалаштирилган. Зиёрат чоғида юртдошларимиз муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида умра ибодатини адо этишлари давомида кўзда ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун бўлиб, Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари ҳаққига хайрли дуолар қилмоқда.

     25 йиллик тарихга эга истиқлолимиз шарофати билан умра амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, довонлар ошиб, муқаддас диёр — Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззамани тавоф қилиш бахтига муваффақ бўлган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанига, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳ таолодан сўраб, Яратган зиёратингизни қабул этиб, гуноҳларингизни мағфират айласин, деб қолгаймиз.

   

                                                         ЎМИ ходими Илёс Аҳмедов

тайёрлади

4562 марта ўқилди

Янгиликлар

Top