Янгиликлар

Дунё бўйлаб моҳи рамазон

Рамазон – бу Яратган билан янада кўпроқ мулоқот қилинадиган, қавм-қариндошларга меҳр-оқибат кўрсатадиган ва улар билан ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган ойдир. Бу ойда мусулмонлар миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар камбағаллар ва етим-есирларга ёрдам қўлини чўзадилар, оммавий ифторликлар ташкил қиладилар, савобли амаллар қилишга шошиладилар. Бу дамда Аллоҳ таоло илоҳий неъматларни нозил қилади, инсоният нафси жиловланади, ундан маънавий озуқа олиб, кўнгиллар таскин топади.
Сайёрамизда истиқомат қилаётган икки миллиард нафарга яқин мусулмон ушбу Рамазон ойини ўзгача кайфият билан қаршилайди. Ҳар бир мамлакатда уни ўтказишнинг минг йиллардан бери давом этиб келаётган ўзига хос хусусиятлари бор. Аксарият мусулмон давлатларида бунга олдиндан тайёргарлик кўрилиб, Рўза кириши тантанали равишда нишонланади. Турли халқларнинг айнан ана шу урф-одатлари Рамазонни янада қизиқарли ва файзли қилади. Бу йилги Рўза мавсуми ҳам ёз фаслининг жазирама иссиғига тўғри келди. Ер шарининг баъзи бурчагидаги мамлакат мусулмонлари учун рўза тутиш анча қийин, чунки улар бошқаларга қараганда узоқроқ муддат соим бўлишади. Жаҳонда энг узоқ муддат рўзани Исландия мусулмонлари тутишларига тўғри келади. Уларнинг оғизлари 22 соат ёпиқ ҳолатда бўлади. Қўшни Швецияда эса 21 соат. Австралияда эса бунинг акси, улар бор-йўғи 9 соат 56 дақиқа рўза тутадилар, холос. Ватанимиз мусулмонлари ўртача 17 соат рўзадор ҳолатда бўлишади. Мусулмонлар ҳижрий тақвим бўйича ой белгилашлари боис, милодий тақвимга нисбатан турли санага тўғри келади. Ой кўринишига қараб Рамазон баъзан 29 кун, баъзида эса 30 кунда тугатилиши мумкин.
Муборак ой неъмати бўлган нишолда истеъмол қилиш, қўни-қўшни билан таом алмашиш ва болалар Рамазон айтишлари ўзбекларга хос, лекин бошқа мамлакатларда ўтказиладиган тадбирлар ва тайёрлайдиган пишириқлари бизникидан фарқ қилади.
Бадавийлар рўзани соя-салқинда якка тартибда ўтказишни хуш кўрадилар. Лекин ифтор маросимини биргаликда ўтказадилар. Унда аёл-эркаклар учун алоҳида чодилар тортилади, дастурхонга гўшт билан гуруч, қатиқ ва турли хил салатлар инъом этилади. Ифтордан сўнг олов атрофида арабча кофени ширинликлар билан ичиб ўтирадилар. Таровиҳ намозидан сўнг шоирлар йиғилиб, арабларнинг турли лаҳжаларида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни мадҳ этувчи шеър ва қасидалар ўқишади. Бу анъана минг йилдан бери Шом, Иордания, Ироқ ва Ҳижоз бадавийларида давом этиб келмоқда.
Тунисда Рамазонга тайёргарлик Шаъбон ойининг охиридан бошланади. Аҳоли ёнғоқ, магиз, туршак ва бошқа ширинликлар ғамлаб қўйишади. Рўзада тун бўйи дўконлар ва ошхоналар ишлаб, кундуз куни дам олгани боис, бозорликни кечаси қилишади. Тунисда ифторлик сув ва енгил овқатланиш билан кифояланади. Аосий зиёфат эркаклар таровиҳ намозидан қайтишларига барча нози-неъматлар тайёрланади. Ифторни оила аъзолари даврасида ўтказиш урф бўлиб қолган. Ифтор шириндан-шакар каркаде ичимлигисиз ва машҳур фаттуш егулигисиз ўтмас. Фаттуш – кўкат, помидор, бодринг, редиска, лимон, зайтун ёғи ва қотган нон аралашмасидан иборат салатдир. Шунингдек, буғдойдан тайёрланадиган табулл ва кўк сомса ҳам кенг истеъмол қилинади. Канафа, катаиф ва бошқа ширинликлар таровиҳ намозидан сўнг тортилади.
Ливанда масжидлар намозхонлар билан тўлади, мусулмонлар диний мазмундаги маърузалар ва мадҳиялардан маънавий озуқа олишади. Кўчаларга рўза тутиш, яхшилик ва ғамхўрликка тарғиб қилувчи ёзувлар осилади. Ҳар бир оила ўз хонадонини рангли чироқлар ва ёрқин безаклар билан ясатади. Саҳоватпеша инсонлар камтаъминланган ва муҳтожларни оммавий ифтор дастурхонига таклиф қилишади, уларга кийим ва турли хил совғалар улашишади. Бу халқ ифторликда кўпроқ ясмиқ шўрваси ва кибби танаввул қилади. Ифтордан сўнг кўпчилик бўлиб денгиз бўйига айланишга чиқишади. Сахарликка махсус бир одам: “Эй, одамлар, сахарликка туринглар, бу кунлар ғанимат” деб бақириб уйғотади, уни халқ тилида “Таббол” дейишади.
Миср Араб Республикасида Рамазон ойининг бетакрор шарқона расм-русумлари мавжуд. Одамлар сахарлик ва ифторликда бир-бирлариникига меҳмонга боришади. Болалар учун фақатгина шу ойда сотиладиган жилвадор фонарлар совға қилишади. Телевидение орқали турли оилавий сериаллар, комедиялар ва кўнгилочар кўрсатувлари намойиш этилади. Бомдод намозидан икки соат олдин дўмбурачилар кўчаларда куйини янгратиб сахарликка уйғотишади. Таровиҳ намозларида масжидлар тўлиб, намозхонлар кўчаларгача чиқиб кетишади. Ифторлик пайтида кўчалар жонланиб, автойўллар тирбанд бўлади. 1000 минора номини олган Қоҳира шаҳридаги Ал-Ҳусайн, Ас-Сибт Зайнаб, Ас-Саййид Нафиса, Ал-Азҳар, Хон Ал-Халилий масжидлари олдида катта ифтор зиёфатлари уюштирилади. Ёввойи кабутар, барра гўштидан қийма мисрликлар учун энг тансиқ таом бўлса, ичимлик борасида басбус ва катаифга етадигани йўқ.
Ҳиндистонда ҳам Рамазонга катта аҳамият берилади, жумладан, жомелар намозхонларга тўлади, Қуръони карим хатм қилинади, одамлар зикр айтиб юришади ва баъзилар иътикоф ўтиришади. Бу юртда аччиқ зироварлар аралаштирилган шўрва ва сут қоришмали буғдой крахмалини хуш кўришади. Овқатдан кейин эса манго мевасини ейиш урфга кирган. Ҳар йили камтаъминланганлар учун катта ифтор дастурхони солинади, бу рўзада ҳам “Жамаъ” масжиди ҳовлисига 5 минг нафар рўзадор учун зиёфат уюштирилди.
Мағрибда Рамазон киришидан икки ҳафта олдин ўзгача муҳит ҳис этилади. Кўчалар, дўконлар ва иморатлар ранг-баранг чироқлар ва қоғозли юлдузчалар билан безатилади. Уй бекалари хонадонларини тозалаб, пластик ва матолардан ажойиб сувинирлар билан ясатишади. Иш вақти қисқартирилади. Муборак ойнинг кириши карнай билан баралла эълон қилинади. Ҳамма марокашликларнинг миллий кийими, яъни қалпоқчали узун кўйлак кийилади. Одамлар бир-бирларини муборакбод этишади, Рамазон ҳақида қўшиқлар айтишади ва ноғора қоқишади. Айнан Рўза учун ҳарира, кус-кус ва тажин миллий таомлари тайёрланади. Яшаш масканлари олдида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи расталар кўпайтирилади. Мағрибда Рамазон ойининг ярмида, яъни ўн бешинчи куни алоҳида нишонланиши урф. Бу кунда ҳамма бир-бирига совға улашади ва кунни оила даврасида ўтказишади. “Лайлатул-қадр” куни эса қабрларни зиёрат қилиш ва қадамжоларни тозалаш азалдан бор.
Туркия Рамазон ойида тўй кўйлагини кийган келинчак каби тобланади. Масжидлар ва миноралар осмондаги юлдуз каби рангли чироқлар билан ёритилади. Мамлакатда фаолият юритаётган 78000 масжиддан сахаргача одам аримайди. Бу ойда намозхонлар имкон қадар ибодатни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг муборак кийимлари сақланаётган “Ал-Фатиҳ” жоме масжидида адо этадилар. Ночорлар учун ресторан, кафе, ошхона, хонадонларда “Ифтор-таомнома” номли махсус егулик тарқатадилар. Турк ошхонаси таому-ширинликларга жуда бой. Айниқса, кабобларнинг бир неча тури, пахлава ва луқумларнинг саралари ана шу ерда. Махсус шу ой учун “Пиде” номли тухумли патир ёпилади. Ифторга яқин новвойхона атрофида турнадек навбатлар ҳосил бўлади. Рамазон мавсумида гўшт ва сут маҳсулотлар бошқа ойларга нисбатан кўпроқ харид қилинади.
Бирлашган Араб Амирликларида турли миллат вакиллари яшайди. Дунё бозори аталмиш Дубай шаҳрида Рамазон ҳам диний, ҳам маданий воқеадир. Айнан шу кунларда ажнабийларнинг маҳаллий маданияти билан яқинлашиш имконияти ортади. Рўза шукуҳи ҳамма маиший масканларда сезилиб туради. Бадиий галереяларда диний мавзуга бағишланган кўргазмалар намойиш этилади. Марказларда Ислом маданияти ва урф-одатлари ҳақида маърузалар эшиттирилади. Болалар учун кўнгилочди тадбирлар ўтказилади. Барча кўчалар ва бинолар турли рангга бўялади. Рўзада ҳар куни шом кириши билан мушаклар отилади. Йирик гипермаркетларда барча маҳсулотлар нархи кескин арзонлаштирилади.
Покистон Ислом Республикасида муборак Рамазон ойи кечалари хонадонларда чироқ ўчмайди. Кимдир намоз ўқиган, кимдир тиловат қилган ва яна кимдир таом тайёрлаган. Оғиз ёпишдан чамаси бир соат олдин масжид минораларидан “Тезроқ ҳаракатингизни қилинг” эслатма азони товушлари янграйди. Ёш болалар ухламасдан катталарга қизиқиб бирга сахарлик қилишади, уларнинг Рўзаси “Чумчуқ Рўзаси” деб аталади. Унда бола баҳоли қудрат чидагунча оч ва чанқоқ юради. Ифторгача сабр қилган болага илк комил Рўзасини эслатиб турувчи унутилмас совға беришади.
Яман Республикасида муборак Рамазон ойи кириши эрталабгача нишонланиб, миноралардан эркагу-аёлларнинг зикр ва тасбиҳлари таралиб туради. Ифтор яқинлашгач, кўчаларда автоулов ёки от аравада ҳаракатланувчи ширинликлар дўконлари пайдо бўлади. Яманликлар севиб истеъмол қиладиган сут, сариёғ ва нон аралашмасидан иборат миллий таоми сахарликнинг ажралмас неъматидир.
Афғонистон Ислом Республикаси мусулмонлари масжидларидаги таровиҳ намозлари ва Қуръони карим хатмлардан мусулмонлар бу ойда тўйиб, маънавий озуқа олишади. Ёшлар қарияларнинг ҳолидан хабар олишади ва қариндошлар ўртасида оқибат кучаяди. Камбағаллар, беморлар ва етим-есирларга ёрдам қўли чўзилади. Бу диёрда моҳи Рамазон мевали ширинликларсиз ўтмайди.
Малайзияда Рамазон киришидан 2-3 ҳафта олдин ҳар бир оила рўзғорини бутлаб, уйини тартибга келтиради. Эркаклар аёлларга чиройли матолар ва кўйлаклар ҳадя қилишади. Шомга яқин кўчаларда савдо шаҳобчалари ва чодирлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ўсиб чиқади. Рамазоннинг охирги 10 кунлигида малай маданияти намоён бўлади. Ҳар бир хонадонда керосин лампалари ёқилади ва уйлар безатилади. Ҳовлиларда болалар бенгал оловлари ва фонарларни ёқишади.

Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.

4724 марта ўқилди

Янгиликлар

Top