Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда ММОчилар диктатор(ми?)
Самарқандда қурилган, қурилаётган кўпқаватли уйлар бузилаётгани, бунга асос қилиб ЮНЕСКОдек жуда нуфузли халқаро ташкилот ҳужжатлари пеш қилинаётгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
 
“Маданият вазирлиги маданий мерос объектлари (ММО)ни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси” бугун ўзининг ҳеч қандай қонун билан асосланмаган қарорлари билан Самарқандни ўз мулки қилиб олди. Инспекция ўзи истаган бинони – масжид, мақбара, Чор Россияси амалдорлари томонидан қурилган иншоотлар, ҳатто бирор жойига озгина “Николай ғишти” терилган бўлса, замонавий чойхона ва ошхоналарни ҳам ММО дея эълон қилиб, уларни давлат муҳофазасига олиниши шартлиги тўғрисида ҳокимиятларга тавсиялар киритмоқда ва вилоят ва шаҳар ҳокимлари улар истаган қарорни чиқариб бермоқда. Албатта, ММО деб тан олинган бино алоҳида мартабага эга бўлади, муҳофазага олинади, унга тегилмайди, энг муҳими, бу бино ва унда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар солиқ тўламайди.
 
Самарқандда Инспекция шунчалик нуфузга эга бўлдики, бирор уй қурилиши учун қурилиш фирмалари раҳбарлари энди, энг аввало, шу идора рухсатини оладиган, шусиз ҳокимлар қарор чиқармайдиган бўлди. Албатта, бунақа нуфуз идора раҳбарининг дамини ўткир қилиши, нафсини ҳам ҳакалак оттириши табиий. 
 
Хўш, ММО ўзи нима?
 
Ўзбекистонда 2001 йили “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида” Қонун қабул қилинган. Унда халқнинг умуммиллий бойлиги бўлмиш ММО ким томонидан, қандай муҳофаза қилиниши, ким уни тартибга солиб бориши аниқ қилиб белгилаб берилган. Унда ММОни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритишни тавсия қилиш ваколатигина Маданият вазирлиги ва унга тегишли Инспекцияга берилган. ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш эса, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига юклатилган (6-модда). 
 
Қонунда Маданият вазирлиги ва унинг ҳузуридаги назорат идораларининг вазифалари ҳам аниқ қилиб белгилаб берилган: “Маданият вазирлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Бу борадаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади. Бу объектларни консервация қилиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурларда қатнашади. Шу объектларнинг маънавиятимиз дурдоналари эканини ўз тадбирларида тарғиб қилади” (7-модда). 
 
Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ҳам кўрсатилган: “Ўз ҳудудларидаги ММОни аниқлайдилар, ҳисобга оладилар, асрайдилар, фойдаланадилар, ...” (9-модда). 
 
Кўриб турганингиздек, маҳаллий ҳокимият органлари ва Инспекцияга бундан ортиқ ваколат, яъни ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш, шаҳарда қурилаётган уйларнинг баландлигини чегаралаб бериш, уйларни буздириш, текислаш ваколатлари берилмаган.
 
Ўзлари катта ваколатларни бериб қўйган, уй қурилиши, жойи, неча қават бўлишигача шу идорадан тавсиянома олиб келинишини талаб қилган вилоят ва шаҳар ҳокимларини Инспекция раҳбари ўз мақомига солиб олган.
 
Кўпқаватли уйларни бузиш борасида маҳаллий ҳокимият раҳбарлари асоссиз ва ноқонуний тарзда шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилдилар.
 
Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан қурилишига ноқонуний қарор берилган 200 дан ортиқ кўпқаватли уйларнинг тақдири шубҳа остида қолди. Бугунги кунда Прокуратура органлари ана шу уйларнинг 100 дан ортиғига оид қарорларнинг ноқонуний экани борасида текширув ишларини олиб бормоқда.
 
Соҳа мутахассислари гувоҳлик беришича, Самарқанддаги 100 дан ортиқ уйлар, кафе, ресторан, дўкон, кинотеатр ва бошқа иншоотлар ММО сифатида давлат муҳофазасига олинган. Аслида, уларнинг бирортаси на тарихий, на маданий, на меъморий қимматга эга. Умумжаҳон ММО рўйхатига сира ҳам кирмайди.
 
Яна бир қизиқ факт: Самарқанддаги биноларни ММО деб топишни Инспекция бошлиғи ўзи тузиб, ўзи тасдиқлаган, раҳбар қилиб ўзини тайинлаган, таркибига эри ва бошқа яқин қариндошларини киритган Эксперт Кенгаши ҳал қилади.
 
Уйи бузилиши масаласида мурожаат қилган ҳар қандай фуқаро олдига маҳаллий раҳбарлар Инспекциянинг харитасини ташлаб, “Қаерга борсанг бор, шу идоранинг гапи гап!” дея жавоб бермоқда. Аммо такрор айтаман: бу харитани ким чизган? Нимага асосан чизган? Ким уни тасдиқлаган? Уни Ўзбекистон ҳукумати маъқуллаганми? Афсуски, бу саволларни берадиган ҳам, унга жавоб топадиган ҳам ҳозирча йўқ! 
 
Инспекция томонидан ўйлаб топилган “Муҳофаза ҳудуди” ва “Буфер ҳудуди”га кириб қолган биноларнинг тақдири биргина Инспекция ишораси билан ҳал бўлмоқда. Энг қизиғи, қайсидир бинолар қолдирилиб, ёнидаги, ундан пастроқ бинолар бузилмоқда.
 
“ЮНЕСКО томонидан қўриқланади”, “ЮНЕСКО тасарруфига олинган ҳудуд”, деган уйдирмалар, инспекция ва у билан бир манфаатни кўзлаган маҳаллий ҳокимият раҳбарлари томонидан содир қилинган молиявий жиноятлар ва тамаъгирликларни ниқоблаш учун ўйлаб топилгандек таассурот уйғотади кишида. Бу уйдирмалар, энг камида, қурилиш фирмаларидан уларга ер беришда пора олиш учун ўйлаб топилгани вилоятнинг собиқ ҳокими пора олиб қўлга тушгани билан исботини топди.
 
Инспекция “ихтиёрига берилган” биноларда бугун корхоналар, дўконлар, ошхоналар, турли катта-кичик фирмалар фаолият юритаётганлиги ҳам сир эмас. 
 
– Маҳалламизда жойлашган, бир замонлар маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қурган, ҳеч қанақа ММО бўлмаган Кўкмасжид номли масжид кўп йиллардан бери қаровсиз бўлиб, ярим вайрона ҳолига келиб қолган эди, – дейди Кўкмасжид МФЙ раиси Т.Халилов. – Маҳалла аҳлининг кучи, ҳомийларнинг кўмаги билан масжидни, ҳовлисини, ҳужраларни чиройли қилиб таъмирладик ва маҳалланинг маънавият марказига айлантирмоқчи бўлдик. Ҳамма иш битганида бу жойга эга чиқиб қолди. Қўлида Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан келган Инспекция раҳбари бу жой ўз тасарруфига ўтказилганини айтди ва бу жойга ... автомобил мактабини жойлаштирди. Мактаб одамлардан пул олиб, ишлаб ётибди. Аммо давлатга солиқ тўламайдими, йўқми билиш керак.
 
2016 йилда Самарқанд вилоят ИИБ раҳбарияти тақдимномаси билан Маданият вазирлиги Инспекция ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилгани, экспертизаларни ноқонуний ўтказгани, ўзбошимчаликлар қилинганини аниқлаган эди. Аммо аниқлаган иш нима учундир судгача етиб бормади...
 
Бизнингча, Самарқандда бўлаётган тартибсизликлар, шубҳа-гумонларни тарқатиш мақсадида, халқнинг фикрини эшитиб кўрадиган, бу ишларга сабаб бўлаётган ММО ва муҳофаза ҳудудлари ҳақида ақл билан бир тўхтамга келадиган, бу борадаги ҳукуматнинг, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимият қарорлари қанчалар тўғри эканини баҳолайдиган, хуллас, масалани бир ёқли қиладиган пайт келди.
 

 

Каримберди Тўрамурод, ЎзА
 
Манба:  http://uza.uz
2372 марта ўқилди

Янгиликлар

Top