Ўзбекистон янгиликлари

Устозларга эҳтиром кўрсатилди

Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан “9 Май – Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда яқинлашиб келаётган Рамазони шариф муносабати билан вилоятда узоқ йиллардан бери фидокорона меҳнат қилиб келаётган диний соҳа ходимлари, устоз имом домлалар, уламолар учун Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Чорвоқ шаҳарчасидаги дарё бўйида дастурхон ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов йиғилганларга муфтий ҳазратларининг саломлари, дуои хайрларини етказди. Тадбирда ўтмишнинг суронли йилларида, мустабид тузум тазйиқларига қарамай халқ манфаатини кўзлаб, дин ривожи учун холис хизмат қилган хофизи Қуръонлар, илм эгалари, устозлар, имом-хатиблар, муаззину ноиби имомларнинг машаққатли меҳнатлари эсланиб, ҳар бирлари эътироф этилди. Ўтганларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиниб, дуолар қилинди. Устозларга Тошкент вилояти вакиллигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Устозлар барҳаёт, уларнинг шогирдлари, қолдирган илму маърифатлари сабаб эзгу ишлари доимо бардавомдир. Шу сабабдан ҳам, устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида таъкидлаганларидек: “Аллоҳ таоло, унинг малоикалари, ҳатто инидаги чумоли, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам динни, яхшиликни таълим берадиган устоз муаллимларга саловат айтадилар”.

 

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги

2344 марта ўқилди

Янгиликлар

Top