Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ ва Россия Федерациясида хатми Қуръон ўтказиб бераётган ўзбекистонлик қорилар у жойдаги ватандошларимиз, меҳнат муҳожирлари билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказмоқдалар.

Қориларимизнинг хабар беришларича, ифторлик маросимлари, турли тадбирларда маҳаллий аҳоли ва ўзбек ватандошлар билан қизғин суҳбатлар бўлмоқда. Айниқса, Ўзбекистонда бўлаётган диний маърифий ислоҳотлар, очилаётган янги масжидлар, кўркам ва бетакрор қиёфа касб этаётган мажмуалар уларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди Россиядаги ватандошларимизни ҳайратига солди

Яқиндагина Президентимиз очиб берган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номларига барпо бўлган мажмуани, у ерда ўтказилаётган таровеҳ намозини ватандошларимиз ва маҳаллий мусулмонларга интернет орқали мобил телефонимизда қўйиб бердик. Шайх ҳазратларини бу ерда яхши билишади. Ислом оламида машҳур олимнинг номлари чинакам қадр топибди, дея қувонишди. Ўзбекистонга бориб, бу масжидни зиёрат қилиш ниятлари туғилганини билдиришди”, дейди Ставрополь ўлкасида бўлиб турган вакилимиз Ойбек қори Раҳмонов.

 

 

Ўзбекистонлик қориларга ишонч катта

 Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида фаолият олиб бораётган вакилимиз Абдуллатиф қори Рустамжонов у ердаги миллатдошларимизга ҳалол касб-ҳунар тартиботлари, исломда поклик,  бандага ато этилган неъматларга шукур қилишлик ва рўзага оид масалаларда намоздан сўнг мавъизалар қилмоқда.

“Ўзбекистонлик қорилар жаҳондаги бошқа мураттаб ва мужаввид қорилардан асло кам эмас. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда Қуръонга бўлган юксак эҳтиром ва эътибор”, деб фикр билдиришмоқда дейди вакилимиз.

 

 

Намоз, рўза ва диний маросимларга оида саволлар кўп берилади

Хабаровск вилоятидаги масжидларда хатми Қуръон қилиб бераётган Оқилжон Исхоқов ва Абдулҳаким Хотамовлар у жойдаги диний идора тавсиясига биноан пешин, аср намозларидан сўнг масжид жамоати, хусусан, ўзбек, қирғиз, тожик миллатига мансуб намозхонларга турли мавзуларда: Ислом арконлари, ҳадислар, ислом тарихи, гуноҳи кабиралар ва бошқа мавзуларда мавъизалар қилиб беришмоқда. Намозхонларнинг саволларига жавоб беришмоқда. “Айниқса, намоз, рўза, маросимлар ва уларни ўтказиш билан боғлиқ саволлар кўпроқ берилади”,  дейди Оқилжон қори Исхоқов.   

 

 

 

Ўзбкистондаги 2500 га яқин қори АҚШда алоҳида эътироф этилди

АҚШда бўлиб турган вакилимиз Муҳаммадий қори Эргашев Туркистон-Америка жамияти томонидан ташкил этилган ифторлик маросимида иштирок этди. Муҳаммадий Эргашев ўзбек ватандошларимизга юртимизда сўнгги йиллардаги диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар, хайрли ташаббуслар ҳақида сўзлаб берди.

“Жаҳон илм фани тамаддунига ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг бой меросини тадқиқ этиш, ёш авлодга етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ислом илмларига оид мактаблар, Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши, қолаверса,  Рамазон ойида 1200 дан ортиқ масжидларда хатми Қуръонларнинг ўтказилаётгани, уларда 2500 га яқин қорилар қатнашаётгани ҳақидаги маълумотлар миллатдошларимизда катта қизиқиш уйғотди”, дейди Муҳаммадий Эргашев.

 

 

“Бизни хурсанд қилган нарса маҳаллий аҳолини ўзбек миллати ҳақидаги билдирган ижобий фикрлари бўлди”

Чувашия Республикасидаги яна бир қоримиз Фазлиддин Мамадалиев ҳам у жойдаги меҳнат муҳожирлари, маҳаллий аҳоли билан  урашувлар, диний суҳбатлардаги таассуротларини қуйидагича баён этди:

“Суҳбатларда биз қандай буюк миллат фарзандлари, имом Бухорий, Термизий, Насафий, Нақшбандий каби зотларнинг авлоди эканлигимизни, бу миллат шаънига доғ туширмаслик, аксинча, қаерда бўлсак ҳам ватан, миллат обрўсини юксакларга кўтаришимиз кераклигини ҳаётий мисоллар, оят ҳадислар билан тушунтириб берилди. Ўзга юртларга келиб меҳнат қилаетган, уни ҳеч ким танимаслиги, билмаслиги мумкин бўлган оддий ишчи орқасида буюк бир миллат борлигини эсдан чиқармасликни уқтирилди. Бизни хурсанд килган нарса маҳаллий ахолининг ўзбек миллати ҳақидаги билдирган ижобий фикрлари бўлди. Юртимиздан келган ватандошларимиз ўз миннатдорчиликларини, уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарафидан берилаётган бундай эьтибордан жуда мамнун эканликларини ўзларининг содда, оддий фикрлари билан изҳор килишди”.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

306 марта ўқилди

Янгиликлар

Top