Ўзбекистон янгиликлари

Бир жамиятга бирлашган аҳил оила, она тилини авайлаб келаётган ўзбеклар - АҚШда хатми Қуръонни якунлаган вакилимиз билан суҳбат

Хабарингиз бор, жорий йил Рамазон ойида ўзбекистонлик 11 нафар қорилар хориж мамлакатларида таровеҳ намозларини ўтказиб, хатми Қуръон қилиб беришмоқда. Ана шу масъулиятли ва савоби улуғ вазифа билан ҳозирда АҚШда бўлиб турган вакилимиз Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” жоме  масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекстон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашевдир.

Биз қори домла билан боғланиб, у жойдаги фаолиятлари қандай ўтаётганлиги билан қизиқдик.

 

 

Асссалому алайкум қори домла! Мана, бир ой - Рамазон ойи давомида олис ўлкада бўлиб, у ердги ватандошларимизга ислом маърифатини, Қуръони каримни етказмоқдасиз. Таассуротларингиз қандай?

Ваалайкум ассалом. Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ солаллаллоҳу алайҳи васаллмага дуруду саловотлар бўлсин! Бу йилги Рамазони шарифни Аллоҳ таоло бизга узоқ бир ўлкада ватандошлар билан Қуръони каримни хизматида, хатми Қуръон қилиш билан ўтказишни насиб айлади.  Таассуротлар бир олам.

Май ойининг бошида Ўзбекистондан Нью Йорк халқаро аэропортига етиб келишимиз билан бизни бу ерда Туркистон – Америка жамияти раиси Абдуллоҳ хўжа жаноблари кутиб олдилар. Ва биз Нью Жерси штатининг Довер шаҳрида жойлашган Туркистон – Америка жамиятининг биносига жойлашдик. Айтиш лозимки, бу шаҳар баҳово, манзарали, осуда бир шаҳарча экан. Мана шу жойда жамият биноси жойлашган. Бинонинг биринчи қаватида ошхона, бошқа хизмат хоналари, иккинчи қаватида масжид, таҳоратхоналар мавжуд. Учинчи қаватда эса меҳмонхона жойлашган бўлиб, биз шу жойда истиқомат қиляпмиз.   

Бу ерда ватандошларимизнинг ниҳоятда самимий, илиқ муносабатларидан мамнун бўлдик. Улар бизни энг яқин қадрдонларини кутиб олгандек кутиб олдилар. Уйларига ифторликларга чақирдилар. АҚШдан туриб Ўзбекистондаги ислоҳотлар, кўплаб ўзгаришларни қувонч билан кузатиб бораётганликларини, айниқса очилаётган янги масжидлар, мактаблар, ислом цивилизация марказларидан жуда хурсандлар.

 

   

Туркистон – Америка жамияти ҳақида маълумот берсангиз? Бу жамият қачон тузилган. Аъзолари кимлар? Қайси йўналишларда фаолият олиб боришади?

Бу жамият XX аср бошларида ўз ватанидан муҳожир бўлиб чиқиб кетган юртдошларимиз томонидан 1958 йилда тузилган. Асосий вазифаси миллий-диний қадриятларимиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросини сақлаб қолиш, ёш авлодни ана шу қадриятлар асосида тарбиялашдан иборат. Бу ерда жамият аъзолари фарзандларига мактаб дарсларидан кейин қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз ҳақида алоҳида дарслар (саломлашиш одоблари, муомала маданияти, маросимлар ҳақида), қизиқарли тадбирлар уюштирилади. Ҳозирда жамиятнинг мингдан ортиқ аъзолари бор. Нью Йорк атрофи ва АҚШнинг бошқа штатларида ҳам яшашади. Маросимларга юзлаб, ҳатто минглаб чақирим масофада бўлишса ҳам келиб қатнашадилар.

 

 

Жамиятда она тилимизни сақлаб қолишга катта эътибор қаратишади. Уларнинг тилга бўлган эътиборини кўриб ҳайратда қолдик. Соф ўзбек луғатида, ҳеч бир бошқа тиллардаги сўзларни аралаштирмасдан сўзлашишади. Ҳатто биз ўзимиздан ҳижолат бўлдикки, сўзлашувимизда кўп бошқа тиллардаги ибораларни қўшиб гапирар эканмиз. Ўзлари ташқарида инглиз тилида сўзлашишса ҳам, ўзбек тилининг орасига инглизча ё русча иборалар қўшишмайди. Ана шу даражада тилимиз софлигини сақлаб келишмоқда.   

 

Бизга маълумки, Чикаго штатида ҳам  “Чикаго” ўзбек-америка ассоциацияси мавжуд. Бу ташкилот ҳам кўпгина миллатдошларимизни бирлаштирган, динимиз, тилимиз, миллий урф-одатларимизни сақлаш йўлида кўпгина тизимли ишларни олиб боради. Мана шу жамиятга қанчалик ўхшашлик жиҳатлари бор? Ёки ўзаро алоқалари мавжудми?

“Чикаго” ўзбек-америка ассоциацияси кейинроқ тузилган. Яқинда ўн йиллигини нишонлаган. Мазкур ассоциация Туркистон – Америка жамиятининг маслаҳати билан, уларнинг қўлга киритган ютуқларидан тажриба олган ҳолда тузилган. Фаолият мақсадлари мушатрак. Ўзаро алоқада, ҳамкорликда иш юритишади.

 

Энди эса бевосита Сизнинг фаолиятингизга келсак? Хатми Қуръон неча кун давом этди?

 

 

 

Хатми Қуръон жамият раиси ва бу ердаги ватандошларимизнинг таклифига биноан 27 кунлик бўлди, яъни Қадр кечасида тугатдик. Аксарият бир порадан ўқидик, эртаси дам олиш кунлари бўлган пайтларда эса бир ярим порадан ўқидик. Хатмона куни жамиятда катта ифторлик ўтказилди. Хатми Қуръон сўнггида жамиятга асос солиб ўтган аждодлар, ҳозирда бу уюшмага мутасадди бўлиб, ватандошларимизни бир оила оилага бирлаштирган фидоий кишилар, барча ватандошларимиз, оила аъзолари ҳақларига дуолар қилдик. Баъзи онахонларимиз ўзлари уйларида хатми Қуръон қилиб келишган экан, уларни ҳам бағишладик, маърузалар қилдик. 

Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни қабул этсин! Қадр кечасини топган, ундан улуғ савоб ва манфаатлар олган бандаларидан қилсин бу жамоатни. Демак, кунига бир порада ўқилган экан, қандай тезликда ўқилди?

Бу ерда Рамазоннинг бошида ҳуфтон намози маҳаллий вақт билан 22-00да эди, кейинроқ 22-15ларда таровеҳни бошлашга тўғри келди. Шунинг учун одамларнинг вақтини кўп олмаслик, чўзиб юбормаслик мақсадида ўрта тезлик танланди. Яъни  тадвир – ўрта тезлик суръатида ўқилди.  Ўта секин бўлиб, аксарият қисми кундузи ишда бўладиган жамоатга малол келадиган ҳам эмас, ўта тез бўлиб, Қуръон калималарини, сўзларини тушунмай қоладиган даражада ҳам эмас. Тўғри, кўпчилик унинг маъноларини тушунишмас, лекин, дона-дона қилиб, тартиб билан тушунарли қилиб ўқилса қавм бундан роҳат олади.

 

Жамоат неча кишини ташкил этади? Ўзбеклардан ташқари маҳаллий аҳоли, бошқа миллат вакиллари ҳам иштирок этдими?

 Кунлик ўртача 50-60 киши қатнашди. Хатмона куни 200 га яқин жамоат бўлди. Бошқа миллат вакилларидан турк ва араблар ҳам қатнашганлари  бўлди.

 

Суратлардан кўрдикки, хатми Қуръон қилиш билан бирга жамоатга амру-маъруф, маърифий суҳбатлар ҳам қилиб борибсиз. Суҳбатлар қандай кечди? Кўпроқ нималарга эътибор, қизиқишлар бўлди? 

Таровеҳда ҳар куни ўн икки ракатдан сўнг диний-маърифий суҳбат, амри маъруф қилиб беришни илтимос қилишди. Асосан суҳбатлар ўша кунги ўқилган Қуръон карим сураларининг умумий маънолари ҳақида бўлди. Ва  фиқҳий масалалар. Жамиятда ихтилофларнинг олдини олиш учун битта мазҳабни, яъни Ҳанафий мазҳабини мустаҳкам тутишга алоҳида эътибор қаратилар экан. Шунинг учун фиқҳий масалалар бўйича кўпроқ маълумот беришни илтимос қилишди, қизиқтирган саволларини беришди.

Бундан ташқари, Филаделфия шаҳрида ватандошларимиз ташкил этган “Сарбон” номли радиоканалига ҳам Рамазон ойи бошланишида ва Қадр кечаси кунлари икки бор интервью бердик. 

 

Атроф яқин орада масжидлар борми? Бу ерда бошқа масжидларда таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар қилинадими? 

Жамият биносига яқин атрофда деярли масжид йўқ. Борида ҳам таровеҳ 8 ракат ўқилади, хатми Қуръон бу ерда бошқа масжидларда бўлганини эшитмадим. Шунинг учун ҳам биздаги хатми Қуръонга узоқлардан, 100 километр ва ундан зиёд масофалардан,  Бруклин каби шаҳарлардан ҳам миллатдошларимиз келиб қатнашишдики, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатига таҳсин айтасиз.  

 

Ифторлик маросимлари қандай ўтади? 

Жамият биносида ифторликлар файзли ўтади. Бу ерда ифторлик маросимларига оилавий бўлиб, фарзандалари билан келишар экан. Эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида, болаларга ҳам алоҳида жойлар қилиниб, ифторликларга катта қизиқиш билан тайёргарлик кўрилади. Дастурхонларда барчаси ўзимизнинг миллий таомлар, ҳатто кўк сомса, сумалакаларгача тайёралашади.

 

 

Маълумки, муфтий ҳазратлари Рамазон ойида хизмат сафари билан АҚШда бўлдилар. Ҳазрат билан кўришиш имкони бўлдими? 

Муфтий ҳазратлари пойтахт Вашингтонда бўлдилар. У киши давлат делегацияси таркибида келганликлари учун вақтлари анча зиқ эди. Вашингтондаги ватандошлар, мусулмонлар билан кўришиб, суҳбатлашиб турганликларини эшитиб, кўриб турдик. Биз бу ерда хатми Қуръонда бўлганимиз учун, орадаги масофа 5-6 соатлик масофа эканлиги сабаб афсуски кўришишни имкони бўлмади. Бу пайтда жамият раиси ҳам элчихона вакиллари билан боғланиб турдилар, имкони бўлса муфтий ҳазратларини бу ерга таклиф қилишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бироқ, юқорида айтганимиздек, ҳар бир вақтлари тартиб асосида режелаштирилгани сабаб кўришишга имкон бўлмади.  Лекин уларнинг тадбирлардаги иштироклари, чиқишларини мамнуният билан кузатиб бордик. Аллоҳ таоло динимиз, халқимиз равнақи учун қилган сафарларини ва бу ерларда сўзлаган маърузаларини барча мўмин мусулмонларга манфаатли қилсин.  

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа бор, уларга катта даҳшат қўрқув солмайди, уларнинг бошига ҳисоб-китоб ҳам тушмайди, халойиқ ҳисобидан бўшагунча улар мушк дўмликда бўлишади: Аллоҳ таолонинг розилигини истаб Қуръон ўқиган, у билан бирор қавмга имом бўлган ва улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини истаб (инсонларни) намозга чақирган чорловчи; ўзи билан Робби орасини ҳамда ўзи билан хожалари орасини гўзал тутган қул», дея марҳамат қилганлар. (Имом Тобароний ривояти)

 Аллоҳ таоло мусофир юртдаги динга, Қуръони каримга қилаётган хизматларингизга улуғ мукофотлар берсин. Икки дунёда Қуръон билан иззат топиб юришингизни Ўзи насиб этсин!

Раҳмат. Иншааллоҳ яқин кунларда сафаримизни тугатиб ватанимизга қайтамиз.

 

Зоиржон Содиқов суҳбатлашди 

341 марта ўқилди

Янгиликлар

Top