Ўзбекистон янгиликлари

Янгилик: «40 фарз баёни» китоби брайл ёзувида нашр этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти ва Ахборот-таҳлил бўлими ташаббуси билан “Ёғду” нашриётида инконияти чекланган ватандошларимиз учун навбатдаги махсус «40 фарз баёни» номли брайл ёзувидаги китоб нашр этилди. Кўзи ожиз, лекин қалб кўзи очиқ мўмин-мусулмонларимиз учун ушбу китоб катта туҳфа бўлди.
Ушбу китобда динимизнинг устуни бўлган 40 та фарзнинг содда ва тушунарли баёни тақдим қилинган.
“40 фарз баёни” китоби нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда кўзи ожизлар учун ягона нашр бўлди. Ўтган вақт мобайнида “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбирларининг таҳлили шуни кўрсатдики, кўзи ожиз ўқувчиларнинг ушбу китобга эҳтиёжи жуда ҳам катта. Ўлкамизда 60 минг нафарга яқин кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилишини инобатга олсак, ушбу китобнинг аҳамияти нақадар катта эканини англаб етамиз.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бири, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ўзларини издош дея таъриф берган бундай инсонларимизнинг хурсандчиликларини кўриб, биз ҳам чексиз қувондик. Мана шундай кишиларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, эътибор бераётган барча инсонларга ташаккур айтамиз.
Аллоҳ таоло мазкур китобни муборак айлаб, хайрли ишларда бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2380 марта ўқилди

Янгиликлар

Top