Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро анжуманда Диний идора вакили иштирок этди

26 ноябрь куни Россия Федерациясининг Кабардино-Балкария Республикасининг Нальчик шаҳрида “Замонавий Россияда исломий ҳуқуқ маданияти: мавжуд ҳолат ва келажак” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков ҳам иштирок этди.
Кабардино-Балкария мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган ушбу конференцияда Россия Федерациясининг барча ҳудудларидан муфтийлар қатнашди. Жумладан, Карачай-Черкес мусулмонлари идораси раиси, муфтий Бердиев Исмоил, Россия мусулмонлари уюшмаси раиси Крганов Альбир, Санкт-Петербург ва шимолий-ғарбий Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Панчеев Равиль этди.
Шунингдек, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қрим мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Исмоилов Муҳаммад, Қозоғистон мусулмонлари идораси шариат бўлими бошлиғи ўринбосари Аманқулов Ҳасан, Кувайт давлати дин ишлари вазирлигининг Исломий иқтисод марказининг вакили Шайх Масъуд Сабрий Иброҳим Фазл, Кувайт давлати дин ишлари вазирлигининг исломий тадқиқотлар бошқармаси бошлиғи Шайх Жалуий Муборак Ал-Жамиъ, Туркия дин ишлари вазирлиги шаръий фатволар ва диний таълим комиссияси раиси ўринбосари Йилдиз Аҳмад иштирок этди.
Конференцияда Ислом ҳуқуқининг асосий мақсади инсониятга манфаат етказиш экани, адолат, мўътадиллик, ўзаро англашув ва мулоқотда шаффофлик, ижтимоий хавфсизликни таъминлашга интилиш билан бирга жамиятдаги салбий ҳолатлар одамларни таъқиб қилиш, экстремизм ва терроризм каби иллатларни қатъий рад этиш ижтимоий ҳаётнинг муҳим қадриятларидан ҳисобланиши атрофлича муҳокама қилинди.
Конференция якунида резолюция қабул қилинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

1913 марта ўқилди

Янгиликлар

Top