Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари жабрдийда болалар ҳолидан хабар олдилар

Маълумки, шу йилнинг октябрь ойида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан «Меҳр-2» деб аталган операция доирасида 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келинган эди. Ҳукуматимиз томонидан ушбу норасида болаларга меҳр-мурувват кўрсатилиб, яқинлари бағрига қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари чоғида юртимизга олиб келинган ана шундай ўсмир ёшлар ҳолидан хабар олдилар ва ширин сўзлар, ҳадялар ила кўнгилларини кўтардилар.
Яқин Шарқдаги уруш жараёнларида сохта ғояларга алданиб иштирок этган айрим ота-оналарнинг нотўғри ҳаракати жабрини кўрган жажжи болалар ҳам борлиги инсон қалбини ларзага солади. Уларнинг мурғак қалблари қанча озор чекмади, мунгли кўзларидан қанча кўз ёшлар оқмади дейсиз?!
Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ мутасаддилар мана шундай оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказиб, Ватанга қайтган мурғак ўсмирлар хонадонига ташриф буюриб, унинг яшаш шарт-шароитлари билан танишиб, яқинлари билан суҳбат қурдилар.
Ота-онасининг босган нотўғри қадами оқибатида катта қийинчиликларни бошидан ўтказган маъсум ўсмирга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилиши, иссиқ кийим-бошлар, кир ювиш машинаси ва молиявий ёрдамлар берилиши уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Зеро, Ислом динимизда ҳам ёш болаларга меҳр-оқибат кўрсатишга тарғиб этилган. Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Демакки, бундай ёш болаларни оловли минтақалардан халос этиб, уларнинг вайрон бўлган кўнгилларини шод этиб, дилларига хурсандчилик улашиш дини мубинимиз нуқтаи назаридан энг савоби улуғ амаллардан эканига шубҳа йўқ.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари иштирокида етим болалар, кам таъминланган оилалар ва жисмоний имконияти чекланган кишиларга эҳсон дастурхони ёзилиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари улашилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали тарбияланувчилар қалбларига шодлик улашилди.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1956 марта ўқилди

Янгиликлар

Top