Ўзбекистон янгиликлари

“Энг маърифатли имом – 2019” ғолиблари аниқланди

Якунига етиб бораётган 2019 йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам янгиликлар, ўзгаришлар ва ислоҳотларга бой бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини кенг тараннум этиш, аждодларимизнинг маънавий меросини янада чуқур ўрганиш йўлида муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида жуда кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳалар амалга оширилди.
Бу ишлар негизида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар томонидан дин равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси ҳисобланади. Шу билан бирга у жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш айни диний соҳа ходимларининг хизматларидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказилиб келинади.
Танловнинг мақсади бугунги талабларга жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир.
Танлов уч босқичда: туман-шаҳар, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилади. Бундан аввал жойларда танловнинг туман-шаҳар ва вилоят босқичлари ўтказилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Шу йилнинг 12 декабрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажумасида танловнинг ҳал қилувчи - Республика босқичи ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи ғолиблари иштирок этдилар.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан очилди. Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов иштирокчиларга муваффақият тиладилар.
Иштирокчилар Қуръони карим қироати ва тафсири, Ақоид, Фиқҳ илми, ижтимоий-маънавий йўналишдаги саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, йил давомида амалга оширган ишлари, ОАВдаги иштироки, тарғибот тадбирлари бўйича тақдимот қилдилар.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни белгиланган тизимда баҳолаб бордилар. Якуний натижаларга кўра қуйидаги иштирокчилар юқори ўринларни қўлга киритдилар:
1-ўринга Тошкент шаҳри “Доруссалом” жоме масжиди имом-хатиби. Муҳаммадраҳим Абдуқодиров;
2-ўринга Тошкент вилояти “Абдулқодир Махсум” жоме масжиди имом-хатиби Абдулбосит Нусратуллаев;
3-ўринга Фарғона вилояти “Саид Жалолхон тўра” жоме масжидид имом-хатиби Юнусхон Мамарасулов ва Хоразм вилояти “Мискин бобо” жоме масжиди имом хатиби Қўзибой Машарипов муносиб кўрилди.
Шунингдек, танловга ҳамоҳанг равишда йил давомида фаол хизмат кўрсатган, фидоий ва ўз ишида намуна кўрсатган имомлар қуйидаги йўналишларда тақдирландилар:
“Энг кўп обуна уюштирган имом” – Андижон вилояти Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Парпиев Шаҳобиддин;
“Энг кўп мақола чоп этган имом” – Тошкент вилояти “Собиржон ота” жоме масжиди имом-хатиби Эрназапов Суннатуллоҳ;
“Энг обод масжид” – Жиззах вилояти Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин ҳожи” жоме масжиди;
“Энг интизомли имом” – Навоий вилояти “Оқтош” жоме масжиди имом-хатиби Эргашев Дилшод;
“Энг фаол имом” – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби Мухторов Фазлиддинга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар танловнинг махсус дипломи ва статуеткалари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

547 марта ўқилди

Янгиликлар

Top