Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирус карантини якунланган юртдошларимиз уйига қайтди

Бугун Хитойдан олиб келиниб “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилган 294 нафар юртдошимизни карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, турли мақсадларда Хитойда сафарда бўлган 584 нафар ватандошимиз жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатимизга олиб келинган эди. Уларнинг 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлардир.  

Сўнг барча йўловчилар коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпидемиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Шу давр якунига қадар тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.

Шу тариқа бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам карантин муддати якунига етгач ўз уйларига кузатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

1521 марта ўқилди

Янгиликлар

Top