Ўзбекистон янгиликлари

Ўмон элчиси: Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясига қарши чора-тадбирлар муҳим ва самарали

Глобал аҳамият касб этаётган коронавирус пандемияси дунёнинг 200 дан зиёд мамлакатларини қамраб олди. Бугун ушбу вирусга қарши давлатлар нафақат ички чора-тадбирларни амалга оширмоқда, балки икки ва кўп томонлама ҳамкорлик асосида масалага биргаликда ечим топишга интилмоқда.
Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Саид Ал Катири «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида юртимизда ушбу эпидемияга қарши кураш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди.
– Коронавирус пандемияси дунёнинг ўзаро боғлиқлиги, ҳеч бир мамлакат глобал муаммони якка ўзи ҳал қила олмаслигини яққол кўрсатди. Ушбу умумий муаммони бартараф этиш учун барчамиз бирдамлик руҳида ҳаракат қилишимиз керак.
Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўриб, тадбирларни изчиллик асосида амалга оширишга қаратилган назорат стратегиясини ишлаб чиқди. Қабул қилинган баъзи тартиблар инсонлар учун бироз ноқулайликлар келтириши мумкиндир. Аммо ушбу юқумли вирус тарқалишининг олдини олиш учун шу каби тадбирлар жуда зарур. Ўз навбатида, таъкидлаш жоиз, ушбу чоралар нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ишончим комилки, тегишли глобал ҳаракатлар ушбу пандемияни бартараф эта олади. Айни пайтда эса ўзбек халқи карантин тадбирларига яхши риоя қилишларини намойиш этишмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига мустаҳкам соғлиқ ва фаровонлик тилайман.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

1774 марта ўқилди

Янгиликлар

Top