Ўзбекистон янгиликлари

Синовлар қошидамиз... демак, биз – Аллоҳнинг суйган бандасимиз!

Синов. Сабр. Саховат. Савоб. Бу сўзларни тилга олишимиз, унинг ҳаётдаги кўринишларига гувоҳ бўлган онимиз кўнглимиз ёришади, кўнглимиз юмшайди. Бу иймондан, иншааллоҳ.

Инсон – ожиз бир банда. Бироқ бошига мусибат тушганда, дардга йўлиққанида, бир сўз билан айтганда, синовларга йўлиққанида, агар сабр қила олса, у руҳан кучлидир.

Жорий йил бутун дунё ва айнан бизнинг халқимиз учун ниҳоятда синовларга бой тарзда бошланди. Чегарабилмас коронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Аммо минг шукурки, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида касалликнинг кенг тарқалиб кетиши ва оғир оқибатларга олиб келишининг олди олинди, олинмоқда. Телеэкранларда, ижтимоий тармоқларда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмизки, аввало Аллоҳ таоло ва қолаверса, фидойи шифокорлар саъй-ҳаракати билан кундан-кунга тожли вирусдан халос бўлаётганлар сони ортмоқда. Ҳар бир шифо топган, ҳаётга қайтган беморнинг, инсоннинг нигоҳларига боққан киши ундаги шукроналикни кўриб, севинади. Худо хоҳласа, яқин кунларда бу касаллик устидан тўлақонли ғалаба қозониш умидидамиз, Яратган бизни ўша кунларга ёруғ юз билан етказсин.

Бир неча ҳафта муқаддам бошимизга яна бир мусибат етди. Кучли шамол, ёғингарчиликлар оқибатида Олот ва Қоракўл туманларида аҳоли мол-мулки, уй-жойига зарар етди. Куни кеча эса Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори деворига дарз етиши натижасида унга яқин туманнинг бир неча маҳаллалари сув остида қолди. Минглаб одамлар уй-жойи, мол-мулкини ташлаб, жонини сақлаш умидида яшаш жойларини тарк этдилар...

Минг афсуслар бўлсинким, юқорида тилга олинган мусибатлар натижасида бир неча ҳамюртларимиз ҳаётдан кўз юмдилар. Аллоҳ уларнинг барчаларини ўз раҳматига олган бўлсин, марҳумларнинг яқинларига чиройли сабру жамил берсин!

Аллоҳ таоло барча бандаларини ҳар хил йўллар ва усуллар билан синайди. Бандаларнинг турли қийинчиликларга дуч келиши, иқтисодий инқирозлар, одамларнинг мол-мулкларига талофат етиши ва яқин одамларидан жудо бўлиши шундай синовлар туркумига киради. Бошига шундай синовли кунлар келганида сабр қилган кишига ажр-мукофот бор. Мусибатга учраган инсонлар шуни англайдиларки, ҳар бир жон ва мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган омонат ва У хоҳлаган вақтида берган омонатини қайтариб олиши мумкин. Мўмин одам ўз эгасига қайтган омонат учун қайғурмайди, аксинча, Аллоҳдан мукофотини кутади. Ана шундай инсон Аллоҳнинг саловати ва раҳматига эришишга лойиқ бўлган ва ҳақиқий ҳидоятда бўлган инсон саналади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 155-157-оятларида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”.

Бундан англаш қийин эмаски, мусибатларнинг ўзи бир неъмат. Зотан, Аллоҳнинг саловати, раҳмати, маҳфирати ва ҳидоятига эришмоқлик осон эмас. Мусибат қандай қилиб неъмат бўлади, деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Аллоҳ таъоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилганларга беҳисоб ажр савоб беради,  ўшанда дунёда кўп машаққат ва мусибатларга учрамаган одамлар буни кўриб, кошки, дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганида эди,  биз ҳам сабр қилар эдик ва сабримизга мана шундай ажр савоблар олар эдик, бугун сабр қилувчилар билан бирга бўлар эдик деб орзу қиладилар.

Яқин кунлар ичида бошимизга тушган синовлар бизга бу дунёдаёқ шундай бир неъматни ато этдики, бундан беихтиёр шукр деймиз. Бу неъмат – биродарларнинг биродарларига, бир инсоннинг ўзгаларга нисбатан меҳрибонлиги, саховати, ёрдам қўлини чўзиши, савобга эга бўлиш мақсадида эҳсон қилиши, хайрли амалларга ўзини чоғлашидир. Бу яхшиликларнинг ажру мукофотидан ҳам Яратган бебаҳра қўймасин.

 

Айни пайтда ўзидаги ортиқча маблағни, буюмни, егуликни, қўйингки, инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўладиган маҳсулотларни биродарлари кўнглини кўтариш учун, уларнинг ҳолини яхшилаш учун хайр-эҳсон қилаётган минг-минглаб, миллионлаб ҳамюртларимизни кўриб турибмиз. Ҳатто, ҳали эсини таниб-танимаган болажонларимиз бу ишга бош қўшаяпти. Энг севимли ўйинчоғини тенгдошига илиняпти, уй-жойсиз қолган бу болаларнинг юз-кўзида қувончни кўриш истагида. Демак, бу синовли кунлар кўнгилларимиздаги энг эзгу ҳисларни уйғотди, кучайтирди.

Муҳтарам Президентимизнинг ўзлари Сирдарёга ўша ҳодиса бўлган куннинг ўзидаёқ етиб бордилар. Икки кун ўша ерда бўлдилар, бир кунлар сўнг яна шу туманга ташриф буюрдилар. Сирдарё аҳли билан бўлган учрашувда давлатимиз раҳбарининг халқ билан бирга, доим халқ ичида эканликлари, элнинг ҳар қандай оғир юкини елкаларига, зиммаларига олганликлари, бу ишни шараф билан, ғурур билан, қатъий азму шижоат билан адо этишларини кўриб, кўзларимизга ёш келгани ҳам рост. Президентимиз бир сўзни такрор-такрор айтдилар: “Бундай оғир синовларни биргаликда янада кучли бўлиб, ҳамжиҳатлигимизни йўқотмаган ҳолда енгамиз”.

Халқимиз “Ҳар бир тун ортида тонг бор” деган нақлни хуш кўради. Бу ўзида жуда катта умид ва ишончни жамлаган иборадир. Бошқача айтганда, Аллоҳ бугун биздан ниманидир олган бўлса, эртага ундан янада яхшироғини беражак. Чиройли сабримиз, хайрли амалларимиз, яхшиликларимиз, дуоларимиз билан бундай синовли кунларни енгиб ўтсак, эртага ҳаётни, тинч-тотув, хотиржам, тўкин кунларимиз ва ёнимиздаги инсонлар қадрини чин юракдан ҳис қилган ҳолда бундан-да мазмунли умр кечиргаймиз, албатта.

 

Мусохон АББАСИДДИНОВ,

Наманган шаҳар бош имом-хатиби.

 

 

 

 

1815 марта ўқилди

Янгиликлар

Top