Ўзбекистон янгиликлари

Ҳайит арафасида “Сирдарёликларга кўмак” хайриялари ўз эгаларига етказилди

Май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Сирдарёликларга кўмак” хайрия акцияси бошланган эди. Сардоба сув омборидаги нохуш воқеани бартараф этиш ва талофат кўрганларга ёрдам кўрсатишда халқимизнинг нечоғли саховатпешалиги мана шундай савобли ишларда яна бир бор яққол намоён бўлди.

Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлини чўзган азизларимиз томонидан 105 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғилди ва турфа хил буюмлар жамланди.

23 май, арафа куни 2 та ISUZU юк мошинасида гуруч, ун, ёғ, шакар, макарон, қуруқ чой ва хўжалик совуни каби озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жами 105 миллион сўмлик 347 нафар оилага мўлжалланган ҳайит туҳфалари, шунингдек, 1200 та куйлак, 200 та жойнамоз, 500 та кийим-бошлар Рамазон ҳайити арафасида эҳтиёжманд сирдарёликларга етказилди. Шу куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон домла Ишматбеков бошчиликларида ушбу хайрия карвонлари эзгу дуолар ила кузатилди.

Саховатпеша юртимиз аҳлининг бугунги кўрсатаётган самимий меҳр-муруввати, кўнгилли ёрдами кўрилган талофатларни бартараф этишда мадад бўлди. Айниқса, улуғ айём кунларида фалокатдан азият чеккан шахсларга етиб бориб, кўнгилларига хушнудлик улашди.

Эл бошига иш тушганда ёрдам қўлини чўзиш чин мўминлик сифати, халқимизга хос фазилатдир. Зеро, инсон мусибат етган биродарига ҳамдард бўлиш динимиз талаби, Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар биродардир”, ҳадиси шарифда эса: “Мўминлар ўзаро меҳр-шафқатларида ҳудди бир тана кабидир. Агар ундан бир аъзо оғриб қолса, тананинг бошқа қисми унга бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади”, дейилгани кўпчилигимизга маълум.

Аллоҳ таолонинг бир синови, Рамазон ойида машаққатда қолган сирдарёлик юртдошларимизга ўз ёрдам қўлини чўзган барча саховатпеша азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.

Аллоҳ таоло қилган эҳсонларини ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини ваъда қилинганидек, улуғ айём кунларида 70 баравар зиёдаси билан ато этсин.

Олий ҳимматингиз учун Сиз азизларга ташаккур изҳор этамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1946 марта ўқилди

Янгиликлар

Top