Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим муассасаларида абитуриентларни онлайн  рўйхатга олиш бошланди

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш бошланди.

Диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш Ҳадис илми мактаби ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам), Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 20 июлигача (шу куни ҳам) давом этади.

Мазкур тизим мамлакатимизда пандемия шароитида карантин тартибларидан келиб чиқиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида qabul.muslim.uz сайти орқали онлайн шаклда амалга оширилмоқда.

Қабул жараёнлари ва қабул имтиҳонлари бўйича абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга батафсил маълумот бериш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида “Кол-марказ”лар ташкил этилди. “Кол-марказ”лар душанбадан шанбагача ҳар куни соат 09:00 дан 17:00 гача фаолият олиб боради.

Шунингдек, таълим йўналишлари, қабул имтиҳонлари ва таълим муассасалари фаолияти тўғрисида таълим муассасаларининг интернет сайтлари ва телеграм каналлари орқали маълумотлар бериб борилмоқда.

Таълим муассасаларида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб илк бор жорий қилинган бўлиб, абитуриентлардан фақатгина маълумоти тўғрисидаги ҳужжати ва паспортининг электрон нусхаси талаб этилади.

Абитуриент томонидан сайт орқали тўлдирилган аризалар таълим муассасалари Қабул ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ҳамда абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилингани ёки маълум сабабларга кўра рад этилгани тўғрисида “СМС” хабарнома жўнатилади ёки сайтни ўзида “Ариза ҳолатини текшириш” қисмига паспорт серияси ва рақами ҳамда туғилган санасини киритиш орқали билиб олади.

 

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

3205 марта ўқилди

Янгиликлар

Top