Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: Икки қардош халқ бир-бирига фақат яхшиликни раво кўради

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига сафарлари давом этмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Қирғизистон Чашма қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, маърифий суҳбатлар ўтказдилар. Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани ҳамда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиб бердилар. Шунингдек, Қуръони каримни маҳкам тутсак, мусулмон, мўмин эканлигимизни унутмасак, ҳеч қачон орамизга бегона кучлар киролмайди. Мўмин мўминга фақат яхшиликни раво кӯради, – дея муфтий ҳазратлари ўз сўзларини якунладилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўшни республикалар билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақа бирлигини таъминлашга жуда катта эътибор қаратаётганларини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда сўзга чиққан мутасаддилар ва маҳаллий аҳоли ўзбек ва қирғиз замини азалдан бир тану бир жон экани, бугунги яхши қўшничилик муносабатлари, албатта давом этиши, келажак авлод ҳам аҳилликда, тотувликда, яхши қўшничилик муносабатларини сақлаган ҳолда фаровон ҳаёт кечиришини таъкидладилар.
Шубҳасиз, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг кўплаб масалаларда ҳамфикрлиги, интилишларининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди.
Ўз навбатида, самимий руҳда кечган мулоқотларда икки халқ аҳолиси азалий қадриятларни сақлаб қолишга бирдек ҳаракат қилиши, икки давлат Раҳбари олиб бораётган одилона сиёсатни қўллаб-қувватлаши, албатта, шу муборак, жаннатмакон жойларда тинч-хотиржам ҳаёт кечиришга асос бўлиши алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон делегациясининг қалбдан чиққан самимий сўзлари маҳаллий аҳолининг кайфиятини кўтарди, руҳий қувват берди, ўзаро қўшничилик алоқаларини мустаҳкамалашга катта асос бўлади.
Мулоқотлар якунида томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2350 марта ўқилди

Янгиликлар

Top