Ўзбекистон янгиликлари

139 нафар самарқандлик отинойига гувоҳнома берилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов иштирокида Самарканд шаҳри отинойилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 139 нафар отинойига фаолиятларини юритиши учун Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг махсус гувоҳномалари топширилди.
“Отинойилар касбий маҳорати, билим савиясини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилиши бизга жуда яхши имконият бўлди, – дейди ЎМИ Самарканд вилояти бош имом хатибининг хотин-кизлар масалалари буйича маслахатчиси Н.Темирова. – Ўқув машғулотлари якуни бўйича ўтказилган тест синовларидан муваффақиятли ўтган 847 нафар вилоятимиз отинойиси махсус сертификатни қўлга киритиб, фаолият юритаётган эди.
Ушбу отинойиларимиз жорий йилнинг 20-23 июнь кунлари Республика комиссиясидан имтиҳондан ўтишди. Якуний натижаларига кўра, 550 нафар отинойи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг отинойилик фаолиятини юритиш бўйича гувоҳномасига сазовор бўлишди. Ана шу гувоҳномалар вилоятимиз бош имом хатиби З.Эшонқулов иштирокида Самарканд шахрининг 139 нафар отинойисига берилди. Бу эса ўз навбатида отинойилар зиммасидаги масъулиятни янада оширади.
Аллоҳ таоло отинойиларимизга халқимиз маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш йўлида сарф этаётган беминнат меҳнати, хизмат ва вақтларининг ажру мукофотини зиёда қилсин”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1755 марта ўқилди

Янгиликлар

Top