Ўзбекистон янгиликлари

“Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” мадрасаларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди

Кеча, 17 сентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига кириш имтиҳонлари 2 қисмда, яъни эрталаб 8:00 да ва кечки 17:00 да бўлиб ўтди. Тест жараёнларини Давлат тест маркази олиб борди.

Қабул имтиҳонлари тест синови шаклида ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили бўйича қуйидаги фанлардан қабул имтиҳонлари ўтказилади:

– 1-блок “Чет тили” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;

– 2-блок “Тарих” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар ҳужжатлари масофавий тарзда qabul.muslim.uz сайти орқали 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам) қабул қилинди.

Натижада “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасига жами 1 050 нафар, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига 1 392 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шулардан “Кўкалдош” мадрасасига 30 нафар ва “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасасига 20 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

550 марта ўқилди

Янгиликлар

Top