Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия ва Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун тайёргарлик кўрмоқда

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, маҳаллий ва малайзия сайёҳлик компаниялари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Бундан кўзланган мақсад ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва Малайзиядан туристик оқимни ошириш, жумладан, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини хорижда тарғиб қилишдир.
Ўзбекистон томонидаги видеоконференцияда Давлат қўмита бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, шунингдек, 10 дан ортиқ маҳаллий сайёҳлик компаниялари раҳбарлари ҳамда малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жўнатишга ихтисослашган 30 га яқин етакчи сайёҳлик агентликлари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув давомида Малайзия томони мамлакатимизда зиёрат туризм соҳаси инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва "Uzbekistan – Safe Travel Guaranteed" шиори остида сайёҳларнинг саломатлиги учун хавфсиз мамлакат сифатида республиканинг сайёҳлик қиёфасини фаол тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди.
Бундан ташқари, Малайзия туроператорларига Ўзбекистонда меъморий, маданий, тарихий ва номоддий ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси объектларини асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, мамлакат минтақаларининг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ноёб ва улкан салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Малайзия сайёҳлик саноати вакиллари Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти халқаро туризм бозорида шубҳасиз афзаллик эканлигини таъкидладилар. Табиатнинг бетакрор гўзаллиги ва ранг-баранглиги, бой меъморий, тарихий ва маданий мероси, ўзбек халқининг асл анъаналари Малайзия жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан Малайзия чегаралари очилиши билан Ўзбекистонга 400 га яқин малайзиялик сайёҳларни юборишга тайёрлиги қайд этилди.
Малайзия томонининг сўзларига кўра, учрашув томонлар ўртасида янги алоқалар ўрнатиш, сайёҳлик пакетлари ҳақида маълумот алмашиш, шунингдек, Ўзбекистон сайёҳлик соҳасининг ислоҳотлари ва янгиликлари билан янада батафсил танишишга кўмаклашган. Икки мамлакат туроператорлари ўртасида мунтазам равишда В2В форматида музокаралар олиб бориш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, Малайзия фуқароларига бугунги кунда дунёдаги пандемик вазият туфайли мамлакат ташқарисига чиқиш таъқиқланганини ҳисобга олиб, хорижий сайёҳлик компаниялари сайёҳлик оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини Малайзия жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш учун олдиндан қўшма чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир натижасида мамлакатда инфратузилмани ўрганиш ва «Halal» ва «Muslim friendly» стандартларини амалга ошириш мақсадида Малайзия фуқаролари ўртасида тарқатиш учун қўшма тур пакетларини ишлаб чиқиш, ушбу мамлакатнинг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари учун Ўзбекистонга ахборот саёҳатларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1455 марта ўқилди

Янгиликлар

Top