Ўзбекистон янгиликлари

Огаҳий ҳақида фильм тасвирга олинади

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан шоир, тарихчи ва таржимон Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади. Darakchi.uz хабарига кўра, бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
"Огаҳий" фильми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан суратга олинмоқда. Мазкур кинокартина "Халқ юраги" номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмлардан бири. Сценарий муаллифи Гўзалой Матёқубова, постановкачи режиссёр Муроджон Одилов.
Ҳозирги кунда фильм ижодкорлари тайёргарлик жараёнлари учун Хоразм вилояти Хива шаҳрига сафар қилишган. Ижодий гуруҳ ишни Огаҳий қабрини зиёрат қилишдан бошлашди.
Огаҳий (тахаллуси; тўлиқ исм-шарифи Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809.17.12, Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1874.14.12) — шоир, тарихчи, таржимон. Мироб оиласида туғилган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган. Шарқ классиклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган, деб хабар берммоқда e-adabiyot.uz нашри. 1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон (1825—42) Огаҳийни Муниснинг ўрнига мироб этиб тайинлаган. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи «шакарланг» (шол) бўлиб қолган (1845). 1857 йилдан мироблик вазифасидан истеъфо берган. Умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.
Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти — «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори», 1872) бизгача тўла етиб келган. Огаҳий «Риёз уд-давла» («Салтанат боглари», 1844), «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи», 1845—46), «Жомеъ ул-воқеоти султоний» («Султонлик воқеаларини жамловчи», 1857), «Гулшани давлат» («Давлат гулшани», 1865), «Шоҳиди иқбол» («Иқбол гувоҳи», 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон (1843—46), Муҳаммад Аминхон (1846 — 55), Сайид Муҳаммадхон (1856—64), Муҳаммад Раҳим ИИ (1864—1910) ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.

Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Огаҳийнинг «Қасидаи насиҳат» асари Ферузга бағишланган. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган. Огаҳий фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳ ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли, камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса, унинг ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради. Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи лозим. У айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқовлиқдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўлиши керак. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган. Шу боис ҳам Огаҳий тарихий асарлари бадиий наср сифатида ҳамда 19-аср Хоразм воқелигини ҳаққоний акс эттирувчи нодир тарихий ҳужжатлар сифатида қимматлидир. Огаҳий «Равзат ус-сафо» (Мирхонд), «Тарихи жаҳонкушойи Нодирий» (Муҳаммад Махдий Астрободий), «Бадоэъ ул-вақоэъ» (З. Восифий), «Мифтоҳ ут-толибин» (Маҳмуд бинни Шайх Али Ғиждувоний), «Табақоти Акбаршоҳий» (Муҳаммад Муқим Ҳиротий), «Тазкираи Муқимхоний» (Муҳаммад Юсуф Мунший), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Ризоқулихон Ҳидоят), «Ахлоқи Муҳсиний» (Кошифий), «Қобуснома», «Зубдат ул-ҳикоёт», «Шарҳи далоил ул-ҳайрат» (Муҳаммад Ворис), «Гулистон» (Саъдий), «Юсуф ва Зулайҳо» (Жомий), «Шоҳ ва гадо» (Ҳилолий), «Ҳафт пайкар» (Низомий) ва бошқа тарихий-бадиий асарларни форс тилидан ўзбекчага таржима қилган. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий йўл билан, «Гулистон»ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Шоҳ ва гадо» достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган. «Мифтоҳ ут-толибин» (инв. ?8473), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Д-125), «Табақоти Акбаршоҳий» (ТНС—106), «Тазкираи Муқимхоний» (ТНС—105), «Фирдавс ул-иқбол» (С—571), «Шоҳиди иқбол» (С—572), «Юсуф ва Зулайҳо» (ТНС—117), «Таъвиз ул-ошиқин» асарларининг қўлёзма нусхалари Тошкент, Душанба ва Санкт-Петербургда сақланади. «Зафарнома» (Али Яздий), «Баҳористон», «Саломон ва Ибсол» (Жомий), «Ҳашт беҳишт» (Хусрав Деҳлавий) асарларининг Огаҳий таржимаси ҳанузгача топилмаган. «Таъвиз ул-ошиқин» Хивада тошбосмада нашр этилган (1905—09). Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй-музейи очилган; музей олдида Огаҳийга ҳайкал ўрнатилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1335 марта ўқилди

Янгиликлар

Top