Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони делегацияси Ўзбекистондаги халқаро анжуманга таклиф этилди

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов мамлакат ташқи ишлар вазирининг сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ийд ас-Сақафий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Учрашувда элчи Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳанга йўллаган мактубини топширди. Унда Саудия делегацияси жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро анжуманга таклиф этилган.

Суҳбат чоғида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолиги доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига биноан ишлаб чиқилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларда муҳим рол ўйнайдиган тадбирлардан бири бўлган Ўзбекистон-Саудия ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва бошқа ҳамкорликка доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1121 марта ўқилди

Янгиликлар

Top