Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн: Юртимиз ва қардош давлат соҳа раҳбарлари халқаро анжуман ишига муваффақият тиладилар

Хабар берганимиздек, бугун, 15 март куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги маҳаллий ҳокимлар, диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар иштирок этмоқда.

Ушбу халқаро анжуман кириш қисмида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, меҳмонларни вилоятга ташрифи билан қутлаб, ушбу халқаро анжуманнинг ўтказилиши фахр-ифтихор бағишлаши, ҳозирда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани, буюк муҳаддис ватандошимизнинг асарлари тадқиқ этилаётгани тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов сўз олиб, Ўзбекистонда азалдан турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келгани, Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминланлангани, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётгани, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилгани ҳақидаайтиб ўтди.

Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий ўз сўзида Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ишлардан мамнун эканини билдириб, Имом Бухорий Ислом дини йўлида жуда катта ишларни амалга оширганларини алоҳида қайд этди. Афғонистонда мўмин-мусулмонларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Тожикистон Республикаси Ислом маркази раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода халқаро тадбир учун миннатдорлик билдириб, Имом Бухорийга оид анжуман ташкил этилгани, минтақамиздан чиққан аломаларни ўрганиш ва қардош халқлар ўртасида муносабатларни тиклаш жуда ажойиб иш бўлганини таъкидлади.

Шу билан халқаро анжуманнинг асосий қисми бошланди. Унда қардош халқлар уламоларининг мавзуга доир таъсирли маърузалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.

Халқаро анжуман тафсилотларини сайтимиз ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1357 марта ўқилди

Янгиликлар

Top