Ўзбекистон янгиликлари

Францияликлар Самарқандга оммавий “саёҳат” қилмоқда

Франциянинг оммабоп «GEO» сайёҳлик нашри «My Tour Live» компанияси билан ҳамкорликда француз саёҳатчилари учун навбатдаги жонли виртуал экскурсияни ташкил этиш учун Самарқанд шаҳрини танлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Регистон майдонига виртуал ташриф 23 апрель, жума куни соат 20:30 дан 21:30 гача режалаштирилган.

Нашр «Карантин чоралари ва саёҳатларни чеклашни вақтинча унутишни, клавишларни бир неча марта босиш орқали Марказий Осиёдаги мамлакат ва Ипак йўлидаги улуғвор жой – Ўзбекистонга боришни» таклиф қилган.

Ҳаяжонли виртуал саёҳатга тажрибали гид ҳамроҳлик қилади. У ушбу манзил сирларини очишдан ташқари, реал вақтда батафсил маълумот бериш билан бирга, барча саволларга жавоб беради. Бу Самарқанд кўчаларида сайр қилиш учун жонли равишда тақдим этилган ҳақиқий экскурсиядир.
«Самарқанддаги Регистон майдони – Марказий Осиёдаги энг гўзал жойлардан биридир. Буюк ипак йўли даврида Регистон дунёдаги энг йирик савдо чорраҳаси бўлган. XV асрдан буён бу ерда учта мадраса, масжид ва саройлар бунёд этилган. Улар сеҳрли мовий ранглар билан қопланган олтин ҳаттотлик гумбазлари билан безатилган», деб хулоса қилади «GEO» .

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1285 марта ўқилди

Янгиликлар

Top