Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институтининг 132 нафар битирувчиси ишга тақсим қилинди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи С.Шерхонов, бўлим ходими А.Дусматов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов, институт ректори У.Ғафуров ва проректор У.Ходжаев иштирок этди.

Мулоқот давомида диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди ва битирувчиларни иш тақсимоти лойиҳаси билан таништирилди.

Халқнинг диний эҳтиёжларини қондиришда масжидлар ва диний соҳа ходимларининг хизмати катта ўрин тутади. Имом ва ноиблар жамоатга намозларни адо қилиб бериш билан бирга кундалик масалаларда мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиши, уларнинг дардига қулоқ солиб, қийнаётган муаммоларига ечиш орқали ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этади. Шу боис имом-хатиб вазифасида ишловчи талабаларнинг илмий савияси, дунёқараши ва шахсий сифатлари юқори даражада бўлиши лозим.

Масжид меҳроби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос экан, У зотга муносиб бўладиган диний соҳа ходимларини тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Маълумот учун, 2020-2021 ўқув йилида институтни кундузги таълим йўналиши бўйича 100 нафар йигит ва 32 нафар аёл-қиз битирмоқда. Уларга юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, имом ноиби ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи вазифаларида ишлаш учун йўлланма берилади. Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 23 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мутахассиси Муҳаммадяҳёхон Ходжаевлар Диний идора тасарруфидаги Наманган вилоятидаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, мадраса ўқтувчи ва талабалар билан учрашиб, диний таълим муассасалари битирувчилари иш тақсимоти билан таништиришган эди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1315 марта ўқилди

Янгиликлар

Top