Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро оила кунига бағишлаб онлайн анжуман ўтказилди

Бугун, 19 май куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ўзбекистондаги Шанхай ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда 15 май – Халқаро оила кунига бағишлаб “Оила қадриятларини мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни” мавзусида видеоанжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ички ишлар, Адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Тараққиёт стратегияси маркази, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди вакиллари иштирок этди.

Тадбирда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш учун фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро таъсири, ёшлар ўртасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оила ва никоҳга ижобий муносабатни шакллантириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Онлайн анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Исломда анъанавий оилавий муносабатлар” мавзусида нутқ сўзлаб, жумладан бундай дедилар: “Оилани юритишда эр ва аёлнинг вазифа, мажбурият, бурч ва ҳуқуқлари бор. Буларни тўлиқ англаб етиш ва билиш керак. Қачон мўмин-мусулмон банда Аллоҳнинг шариатида кўрсатган одоб, қоидал ва ҳадларига амал қилса, шунда оила мустаҳкам бўлади.

Исломда эрнинг аёли, аёлнинг эри олдида бурчлари бор. Эрнинг бурчлари икки хил бўлади. Биринчиси, молиявий бурчлар. Эр аёлининг маҳрини адо этиши, нафақа (таом, либос, бошпана, рўзғор анжомлари) билан таъминлаши керак. Бу вазифаларнинг яна бири тўйни ҳам эр томон қилиб беришидир.

Аёлнинг эри олдидаги вазифа-бурчлари, биринчидан, эрнинг ризолигини топиш. Қайси аёл, эрнинг ризолигини топса, Аллоҳ ризолигини топади, жаннатнинг истаган 8 эшигидан киради. Ҳадисда шундай башорат келган. Иккинчиси, эрининг шаъни, мол-мулки, қадр-қиммати, иззат-ҳурматини асрайди. Учинчидан, эрининг виждонига айланиши, унинг ҳалол-покиза юриши, ота-онасидан хабар олиши, опа-сингил, ака-ука, қавм-у қариндошларидан хабар олишида эрининг виждонига айланиши керак. Оила мустаҳкам бўлиши учун бундай яхшиликларда бардавом бўлиш керак.

Анжуман давомида оила институтини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро таъсири, турли диний конфессиялардаги оилавий қадриятлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш оилалар учун муносиб ижтимоий шароитлар яратиш ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1497 марта ўқилди

Янгиликлар

Top