Ўзбекистон янгиликлари

Муҳаммад ал-Судейрий: халқларимиз илдизини ислом цивилизацияси бирлаштиради

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Қирол Файсал номидаги Саудия Исломшунослик маркази ўртасида "Янги Ўзбекистон – янги ташқи сиёсат" мавзуида биринчи видеоконференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ар-Риёдда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Саудия Арабистони илмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан бирга Исломшунослик маркази мутахассислари ҳам иштирок этди.

СМТИ, МОХИ, ХИДУларнинг етакчи эксепртлари Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги муносабатларнинг турли масалалари, шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз маърузаларини тақдим этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, шунингдек, савдо, инвестиция ва хавфсизлик соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг қатор амалий масалаларига тўхталиб ўтилди.

Шу нуқтаи назардан СМТИ директори муовини С. Валиев Саудия Арабистони улкан ресурс, сармоявий ва савдо-иқтисодий салоҳиятга эга йирик араб иқтисодиёти эканини, Ўзбекистон эса сармоявий ва ишбилармонлик муҳити жадал суръатлар билан такомиллашиб бораётган бозорни ўзида намоён қилишини қайд этди.

Шунингдек, ўзбек ва саудия экспертлари ўртасидаги видеоконференция долзарб ва оммабоп тадбир бўлиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча йўллар топишга хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон-Саудия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш Марказий Осиё ва Яқин
Шарқ минтақалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаши мумкин, деди у.

Бу фикрни қўллаб-қувватлаган Қирол Файсал Ислом тадқиқотлари маркази Осиё тадқиқот бўлими раҳбари Муҳаммад ал-Судейрийнинг айтишича, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Саудия Арабистони томони Қироллик ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сифатини кенгайтириш ва яхшилашга катта эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, икки мамлакат экспертлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда Қирол Файсал Исломшунослик маркази бир қанча ўзбек илмий марказлари, жумладан, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилмоқда. Муҳаммад ал-Судейрий таъкидлаганидек, мамлакатларимиз халқлари чуқур тарихий ва маънавий илдизлар билан боғланган бўлиб, Ислом цивилизацияси уларни бирлаштиради. Макка ва Мадинанинг муқаддас шаҳарлари Саудия Арабистонида, Ўзбекистонда эса атоқли ислом олимлари Беруний, ал Бухорий, Мотрудий, Фаробий, Ибн Сино туғилиб ижод қилган Бухоро, Самарқанд, Марғилон, Қўқон, Термиз шаҳарлари жойлашган.

Бундай тарихий илдизлар ҳозирги кунда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва кучайтиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1278 марта ўқилди

Янгиликлар

Top