Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Султон Саодат қадамжосини зиёрат этдилар

Бугун, 31 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилдилар. Меҳмонларга Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.
Маълумки, ушбу қадамжода Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни «Саййидлар султони» дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар ҳам дафн этилган.
Олимлар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу қадамжо мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам табаррук маскан эканини алоҳида қайд этиб, мажмуани катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, унинг ёнида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барпо этилаётган йирик жоме масжиднинг қурилиш жараёни ва унинг бош лойиҳаси билан яқиндан танишдилар. Муфтий ҳазратлари танишиш асносида жоме масжидни замонавий андозалар ва миллий меъморчилигимизга мос шаклда бунёд этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари Ҳаким Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилиб, Қуръони карим оятлари тиловатидан сўнг, юртимизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1289 марта ўқилди

Янгиликлар

Top