Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарияти Ҳадис илми мактабига ўқув дарсликлари ҳадя қилди

Куни кеча Ҳадис илми мактабига Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб ва Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Муҳаммад Назир Ийад беғараз ёрдам сифатида жўнатган 11 номдаги жами 324 дона ўқув дарслар етиб келди.

Шу муносабат билан Мактаб ўқитувчи ва талабалари иштирокида ушбу китобларн тақдимоти ўтказилди. Унда Мактаб ректори Олимжон домла Юсупов китоблар таркиби, муаллифлари, китоблар нашрларидаги ўзига хос хусусиятлар ҳақида маълумот берди. Талабалар ҳадя тариқасида юборилган ўқув дарсликларини тўлиқонли фойдаланган ҳолда, ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассис кадри бўлиб етишиб чиқишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ҳадис илми мактабининг ҳар бир талабаси фойдаланиши учун қуйидаги ўқув дарсликлари 15 нусхада юборилган:
– Абу Абдуллоҳ Исмоил Ал-Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”;
– Муслим ибн Ҳажжожнинг “Саҳиҳи Муслим”;
– Абу Довуд Ас-Сижистонийнинг “Сунани Аби Довуд”;
– Абу Исо Ат-Термизийнинг “Сунани Ат-Термизий”;
– Аҳмад Ибн Шуайб Ан-Насоий “Сунани Ан-Насоий”;
– Ибн Можа Ал-Қазвиний “Сунани Ибн Можа”;
– Абу Муҳаммад Ад-Доримий “Сунани ад-Доримий”;
– Доктор Аҳмад Муъид Абдулкаримнинг “Илал ал-ҳадис”;
– Доктор Абдулмаҳдий Абдулқодир Абдулҳодийнинг “Туруқ тахриж ҳадиси Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ва туруқ таҳриж ақвал ас-саҳоба ва ат-тобиъин”;
– Доктор Ризо ибн Закарийя Ал-азҳарийнинг “Ал-иршод ила ал-кайфия дирасатул асонид”;
– Аҳмад Муҳрим аш-шайх Ножийнинг “Ад-довъу ал-ломиъ ал-мубин ан маноҳиж ал-муҳаддисин” китоби.

Ал-Азҳар университети раҳбарияти юборган мазкур китоблар мактаб ўқитувчи ва талабалари учун ҳажми жиҳатидан беқиёс, аҳамияти жиҳатидан сермазмун манба бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳрида 2020 йил 3-5 март кунлари ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция доирасида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Нуфузли меҳмон мактаб ўқитувчи ва талабалари учун яратилган шароитларни кўздан кечириш давомида унда ўқитиладиган баъзи фанлардан етишмайдиган дарсликларни мактабга ҳадя тариқасида юборишни айтган эди.

Ҳадис илми мактаби
Матбуот хизмати

1093 марта ўқилди

Янгиликлар

Top