Ўзбекистон янгиликлари

Доктор Нуриддин Итр: “Китобимизни ҳадис илми биносининг бир ғишти бўлишини умид қиламиз”.

Ислом шариатида Суннат Қуръон каримдан кейинги иккинчи асосий манба ҳисобланади. Қуръон каримни ўқиш ва ўргатиш илмларнинг энг муҳими. Унинг тафсири ва шарҳи бўлмиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш ва ўргатиш илми аҳамият жиҳатидан кейинги ўринда туради. Зеро, маълумотнинг муҳимлигига қараб илмнинг қадр-қиммати ошади.

Ҳадислар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлгани учун У зотга кўрсатиладиган эҳтиром ҳадисларга ҳам кўрсатилиши зарур. Яъни, ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишнинг бошқа илмларда учрамайдиган ўзига хос жиҳатлари: шартлари, таълим услублари ва одоб-аҳлоқлари бор бўлиб, ҳадис илми билан шуғулланувчи муҳаддислар бунга катта эътибор билан қарашган.

Муборак ҳадисларни ривоят қилган ва эшитган кишилар амал қилиши керак бўлган таълим методикаси-услуби, одоб-аҳлоқини белгилаб беришган. Бу ҳолат ҳадис илми китоб шаклида тўпланишига қадар оғзаки жорий бўлган.

Ҳадис илмларини ўргатадиган “мусталаҳул ҳадис” фанида ҳадис илмларига тегишли бошқа илмлар қаторида ушбу илм ҳам жой олган. Мусталаҳул ҳадис фанида ривоятни эшитиш ва уни етказиш ҳолатлари тўғрисида алоҳида боб бўлиб, у ерда таълим услублари-методлари, шартлари ва одоб-ахлоқлари белгилаб берилган.
Ҳадис илми жуда муҳим аҳамиятга эга илмлардан биридир. Ушбу илмнинг нақадар зарурлиги ҳақида саноқсиз уламолар жуда ўринли сўзларни айтганлар. Ҳофиз Зайниддин Ироқий айтади: “Ҳадис илми ўта муҳимдир. Фойдаси чексиздир. Жуда кўплаб ҳукмларнинг манбаси ва масдари ҳадис илмига мавқуфдир”. Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Санад илми диндандир. Агар санад бўлмаганда ҳоҳлаган киши ҳоҳлаган нарсасини айтаверар эди”.

Дарҳақиқат, Санад илми бир сўз билан айтганда, мусталаҳул ҳадис илми орқали диннинг тўрт манбасидан бири ва энг асосини ташкил этувчи маълумотлар – Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатлари сақланиб қолган.

Доктор Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳнинг “Манҳажун-нақд фий улумил ҳадис” номли китоблари ҳадис илми соҳасида ёзилган китоблар орасида энг аҳамиятли ва бетакроридир. Муаллиф ҳадис илми, ҳадисларни текшириш соҳасида беқиёс фойдалар намоён этган. Суннат ва унинг илмлари борасида шубҳа уйғотувчиларга қарата жавобсиз саволлар уйғотган, суннат қўрғонини ҳимоя қилишда тенгсиз барқарорлик билан мустаҳкам туриб берган олимлардан.

Муаллиф айни мақсадини китобнинг аввалида ошкор қилган. Китобнинг ўзига хос хусусияти ҳам шундадир. Доктор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис илми соҳасига бағишланган китобдир. Ушбу китобимиз мазкур буюк илм биносининг бир ғишти бўлишини умид қиламиз”. Муаллиф ушбу илм қоидаларини ёрқин ва тўла тўкис ёритганлиги ўзининг олдига қўйган мақсадларидан маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ҳимоя қилиш, саҳиҳларини саҳиҳмасларидан ажратиш, мақбул ҳадисларни, номақбулларидан тозалаш муаллифнинг асосий мақсадларидандир.

Ушбу китоб ҳадис илмининг тарқоқ маълумотларини ўзида жамлаган ва мукаммал ҳолга келтирган.
Албатта, мазкур китоб уламолар томонидан жуда яҳши қабул қилинган ва жуда кўплаб мақтовларга сазовор бўлган. Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад Тақий Усмоний, Муҳаммад Аввома, Мисрнинг собиқ муфтийси Али Жумъа, Муҳаммад Юсуф Қарзовий ва шу каби замонамизнинг етук алломалари мазкур китобнинг долзарб экани, ўзига хос фазилатларини эътироф этганлар.

Жумладан, Доктор Шайх Муҳаммад Абу Шаҳба Доктор Муҳаммад Итр роҳимаҳуллоҳнинг меҳнат ва машаққати ҳақида гапириб, бундай деган: “Албатта, “Манҳажун нақд фий улумил ҳадис” китоби ушбу фанда ёзилган китоблардан яққол ажраб турувчи, бебаҳо китобдир. У шу соҳада ёзилган китоблардан жуда кўп жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, шу мавзуда ёзилган асарларнинг энг муқаддимасида турувчи китобдир. Жумладан, тақсимлаш ва тафсилотлар жуда чиройли берилган. Китобнинг илмий қийматини оширувчи жиҳатларидан яна бири муаллиф ушбу фанга доир жуда кўп китоблардан хабардор экани, ҳатто бир кутубхона бўларлик даражада кўп китоблардан фойдалангани ҳамда шарқшуносларнинг илмий асос билан асосланмаган саволларига раддиялар беришга алоҳида ҳиммат қилганидир”.


Шукржон Эгамбердиев,
Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлим 3-курс талабаси

1564 марта ўқилди

Янгиликлар

Top