Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар масжидлар жамоати ва эҳтиёжманд кишиларга хурсандчилик улашди

Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятига сафарлари мобайнида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва меҳрга ташна инсонлар билан учрашувларни давом эттирдилар.

Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Андижон вилоятига сафари мобайнида Балиқчи тумани “Мулла Ҳидирали” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан пешинни ўқиди.

Намоздан сўнг Ҳомиджон домла Ишматбеков Юртимизда бўлаётган эзгу ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳада қилинаётган хайрли ишлар, янгилик ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бугунги замоннинг муҳим масалалари бўйича, жумладан, унда ёшлар илм олиб, ўз касбининг устаси бўлиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиши, фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларни ёт оқимлар таъсиридан асрашимиз зарурлиги ҳақида маъруза қилди.


Шунингдек, Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов ҳам ушбу тумандаги "Қоқирчек" жоме масжиди жамоаси билан пешин намозини ўқигач, йиғилганларга юртимиздаги хайрли ишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, бугунги куннинг долзаб мавзулари бўйича маъруза қилди, қавмнинг саволларига жавоб берди.

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги жоме масжидлар қавми билан Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов савол-жавоблар қилдилар. Мўмин-мусулмонлар ўзларини қийнаб келаётган саволларига мукаммал жавоблар олганларидан қониқиш ҳосил қилганлари ва миннатдорликларини изҳор қилдилар.

Суҳбат якунида уламолар Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.

 

***

Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидовлар Балиқчи туманидаги эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ҳолидан хабар олиб, уларга "Вақф" фондининг моддий ёрдам пули ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширдилар, хайрли дуолар қилдилар.

Шунингдек, уламолар Андижон туманида янги барпо этилаётган "Аммор ибн Ёсир" жоме масжид билан яқиндан танишиб, унинг қуришига хайрли дуолар қилдилар, масжид кутубхонасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт матбаа ижодиёт уйида чоп этилган китобларни ҳадя сифатида топширдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ҳам Андижон вилоятининг Бўз ва Улуғнор туманларида бўлиб, масжидлар жамоалари, аҳли илмлар ва аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказдилар.

Андижон вилояти сафари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1075 марта ўқилди

Янгиликлар

Top