Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда тарихий ёдгорликлари қиёфаси 3D форматда

"Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ" дастури доирасида мамлакатнинг тарихий обидалари, ёдгорликлари ва меъморий иншоотларни 3D форматда рақамлаштириш бўйича лойиҳа ўз фаолиятини бошламоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларининг миллий ассоциацияси, Ўзбекистон кинематография агентлиги ва Американинг Global Digital Heritage компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, ноёб технология тарихий обидаларнинг рақамли реконструкциясини амалга ошириш ва VR форматида намойиш этиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, лойиҳа таълим соҳасига ҳам йўналтирилган - барча хоҳловчилар махсус манба орқали Ўзбекистон ёдгорликлари билан онлайн шаклда танишиш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, Global Digital Heritage вакиллари ўзбекистонлик мутахассисларни замонавий технологиялар, дронлар ва камералар билан ишлаш ва объектларни видеотасвирга олиш бўйича билимлар билан бўлишишга тайёр эканликларини билдиришди.

Бугун Кинематография агентлиги биносида Global Digital Heritage (АҚШ) ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси вакиллари иштирокида лойиҳанинг бошланишига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Пилот лойиҳа Самарқандда амалга оширилади, рақамлаштириш учун дастлабки объектлар сифатида Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, қадимий Афросиёб манзилгоҳи, Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони ва Жума мақбараси танланди.

– Тарихий ёдгорликларнинг 3D форматидаги нусхаларини яратиш тенденцияси аллақачон бутун дунё бўйлаб тарқалган, эндиликда ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ҳам амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳа ҳамма учун, айниқса, ўз ҳаётини янги технологиялар, гаджетлар ва VR технологияларсиз тасаввур эта олмайдиган ёшлар учун қизиқарли бўлади. Лойиҳа қўшимча билим олиш имкониятидан ташқари, ўқув функциясини ҳам ўз ичига олади - ёшлар учун рақамли визуализация, 3D виртуализация, геофазовий информатика соҳалари бўйича тренинглар ўтказилади, – деб таъкидлади ЎзЭОАВМА раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

– Ҳар бир мамлакатнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг маданий мероси – бу халқнинг мулкидир. Маданий мерос нафақат университетдаги бир неча кишига ёки ташкилотдаги тадқиқотчиларга, балки ҳаммага тегишли. Бизнинг вазифамиз маданий меросни одамларга қайтаришдан иборат. Бизнинг қилган ишларимиз ушбу меросни асраб-авайлаш ва ўтмишимиз қандай бўлганлигини авлодларимизга кўрсатишда ёрдам беради. Биз кўплаб манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда объектнинг дастлабки кўринишини тиклаймиз, - деб маълумот берди “Global Digital Heritage” компаниясининг вакили Герберт Машнер.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1260 марта ўқилди

Янгиликлар

Top