Ўзбекистон янгиликлари

"Ислом терроризмга қарши" китоби чоп этилди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорининг маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Шуҳрат Ғойибназаровнинг «Ислом терроризмга қарши» монографияси «Ўзбекистон» НМИУда нашр этилди.

Олим анчадан буён халқаро муносабатлар, глобал таҳдид ва тажовузлар муаммолари билан шуғулланади. У республикамизда террорология фани асосчиларидан бири ҳисобланади. Олимнинг қатор илмий асарлари АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея каби давлатларда чоп этилган, хорижнинг етакчи университетларида глобал муаммолар бўйича форумлар ва анжуманларда маърузалар қилган.

ЎзА хабарига кўра, ушбу монографияда юртимизда «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг асл моҳиятини ёритиш орқали унга қарши фитналар, бузғунчилик, тажовуз ва таҳдидлар уюштириб келаётган радикал оқимларнинг ғаразли мақсадлари, ислом динини сиёсийлаштириш ва обрўсизлантиришга қаратилган уринишларига бўлган нуқтаи назар ва муносабат илмий таҳлил этилиши баробарида, «Ислом давлати» халқаро террорчилик ташкилотининг пайдо бўлиши ва эволюцияси мисолида бутун инсониятнинг глобал хавф ва чақириққа дучор бўлганлиги комплекс ёритилган.

Хусусан, китобда таъкидланишича, террористлар ва ёлланганларни жалб қилишнинг асосий платформаси, шубҳасиз, интернетдаги ижтимоий тармоқлар бўлиб, улар орқали жаҳондаги 100 дан зиёд мамлакатлардан 84 фоиз ёшлар террорчилик сафларига айнан интернет орқали қўшилишган.

Интернетда жойлаштирилган материаллар воситасида жалб қилинганларнинг 41 фоизи интернетда «Ислом давлати»га содиқлик ҳақида қасамёд қилган, 19 фоизи терактга тайёрланишда онлайн кўрсатмалардан фойдаланган. Ёлловчилар қурбонларининг ёшлари 14-30 ёшгача бўлиб, шулардан 70 фоизи 25 ёшгача бўлганлардир. Террорчилар томонидан ёшларни ёллаш схемаси жуда оддий, у 3 босқичдан иборат: мотивация – (руҳлантириш), коммуникация (алоқа) ва бевосита жангарилар сафига қўшилиш.

Террорчилар ўз қабиҳ режаларини амалга оширишда кўплаб ғайриинсоний амалиётларни, яъни бу тажовузкор урушда болалардан тирик қурол сифатида фойдаланиши БМТнинг ҳарбий можароларда болаларни жалб қилишни тақиқлашга зид равишда амалга оширганликлари, ҳатто ёш оналарга махсус қўлланма ишлаб чиқиб, ўзига хос кўрсатмалар берилганлиги, шунингдек, «Ислом давлати» ўзининг шаръий тушунчаларига асосланиб аёлларнинг яшаш, ўқиш, ишлаш ва ҳатто эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларини чеклайдиган ўрта аср қонун-қоидаларини ўрнатганликларига кўплаб мисоллар келтирилган.

Муаллиф таассуф билан ҳозирга қадар айрим ёшларимиз террорчилар мафкураси тузоғига тушаётганликларига оид мисоллар берибгина қолмай, бу ҳолларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилган ва тегишли профилактик тавсиялар берган. Тадқиқотда илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган ва бирламчи манбалар – Қуръон, Тафсир, Ҳадис, ва қатор илмий-маърифий тадқиқотларга асосланилган.

БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг мавзуга оид Конвенция ва Резолюцияларидан ўринли фойдаланилган. Миллий қонунчилигимиз ҳужжатларига иқтибослар берилган, мамлакатимизда терроризм профилактикаси моҳияти ва мазмуни, ҳуқуқий ва ташкилий асослари, сиёсий ва мафкуравий жиҳатлари атрофлича ёритилган. ОАВ, интернет, рақамли технологияларнинг ўрни ва вазифалари очиб берилган. Янги Ўзбекистон шароитида терроризмга қарши «ўзбек модели» моҳияти ва мазмуни кўрсатилган.

Ёшлар билан ишлашда уларнинг ижтимоийлашуви ва бандлигини таъминлашда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларининг ҳамкорлиги масалаларига жиддий эътибор қаратилган. Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли илмий-амалий тавсиялар берилган.

Иловаларда мавзуга оид Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунидан иқтибослар, замонавий дунёдаги асосий террорчилик ташкилотчилари рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, Интернет жаҳон ахборот тармоқларидаги экстремистик ва террористик деб топилган ташкилотлар номларининг рўйхати, глоссарий ва бошқа тегишли ҳужжатлар ўрин олган ва бу иловалар китоб мазмунини янада бойитишга хизмат қилган.

Муаллиф мазкур монография хулосасида шундай деб ёзади: «Терроризм ижтимоий-сиёсий ҳодиса сифатида инсоният тарихида қадимги замонлардан бери ўзининг шафқатсизлиги, ғайриинсонийлиги ва ақидапарастлиги билан алоҳида ажралиб турадиган ҳодиса. Террорчилар диний омилни ўз мақсадлари учун ишлатганда, бу ҳодиса икки баравар хавфли тус олади. Ислом дини ниқоби остида муқаддас китоблардаги баъзи сўзларни ўзларича талқин қилган ҳолда жиҳод, терроризм ва зўравонликни тарғиб қилувчи тузилма ҳамда ташкилотлар сони бугунги кунда оз эмас.
Ва уларнинг исломдаги ҳақиқий ўрни ва аҳамиятини тушуниш учун биз хорижийлар, мутазилийлар, муржиийлар, кейинчалик салафийлар, ваҳҳобийлар ва бошқа оқим ҳамда йўналишлар, радикал оқимлар ва ташкилотларнинг фаолиятини ёритишга ҳаракат қилдик, буюк мутаффакирларимиз асарларига ва уларнинг асл ислом динининг поклиги йўлида қўшган ҳиссаларига мурожаат қилдик».

Монографияни терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашувчи барча ташкилотчиларга, талабалар, курсантлар ва ўқувчи-ёшлар, тарғиботчилик фаолияти билан шуғулланувчиларга, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотларида маърифий тадбирлар учун, ҳамда мазкур муаммо билан қизиқувчи кенг ўқувчилар оммасига қимматли қўлланма сифатида тавсия этиш мумкин.
Китоб кирилл ва лотин алифболарида чоп этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1193 марта ўқилди

Янгиликлар

Top