Ўзбекистон янгиликлари

Термизий уламолар меросига бағишлаб халқаро онлайн анжуман ўтказилди

Бугун, 23 июнь куни юртимиз ва хориждаги диний-маърифий соҳа вакиллари иштирокида “Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўтказилди. Унда Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Ироқ, Миср, Афғонистон каби давлатлар олимлари ва Ўзбекистондан 40 га яқин таниқли уламолар, нуфузли университет ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.

Халқаро онлайн анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масофавий тарзда маъруза билан қатнашиб, унда жумладан бундай дедилар:

“Бу заминдан Термизий номи билан Ислом оламига машҳур бўлган юзлаб алломалар етишиб чиққан. Имом Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий каби Термизий алломалар номи билан боғлиқ бугунги нуфузли онлайн анжуманда Афғонистон, Ироқ, Туркия, Марокаш каби хорижий мамлакатлар ва юртимизнинг кўзга кўринган олимларнинг иштирок этаётгани Термизий алломаларига эҳтиромининг яққол ифодасидир.

Буюк илм соҳиби бўлган ҳамда юксак эътирофга муносиб кўрилган алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ва бой маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш биз учун ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.
Имом Термизий, Ҳаким Термизий каби муҳаддис ва алломаларнинг авлоди бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулиятни юклар экан, айниқса ёшларимиз уларга муносиб авлод, илм-маърифат нурини таратгувчи маёқ бўлишлари зарурдир”.

Шунингдек, унда ислом олами қадимдан ўрганиб келиётган Имом Термизий илмий меросининг мазмун-моҳиятини тўла очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини жаҳон афкор оммасига намоён этиш, унинг афзаллик ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида хабардор қилиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар халқаро анжуман баёнотини қабул қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

938 марта ўқилди

Янгиликлар

Top