Ўзбекистон янгиликлари

Ташриф давомида фахрий имом-хатиблар зиёрат қилинмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдукаҳҳор домла Юнусов Тошкент вилоятига сафари давомида Янгийўл туманида истиқомат қилувчи фахрий имом, устоз Орифжон домла хонадонига бориб, у кишини зиёрат қилдилар.

Самимий суҳбат давомида Иброҳимжон домла Иномов Орифжон домлага муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг салом ва тилакларини етказдилар, у кишининг фаолият юритган даврлар эсга олиниб, дин хизматчиси сифатида қилган хайрли ишларига миннатдорлик билдирилди...

Таъкидлаш жоиз, Орифжон домла Йўлдошов кўп йиллар, Тошкент вилояти бош имом-хатиби, Янгийўл шаҳар-туман бош имом хатиби, Янгийўл туманидаги “Олтин обод” жоме масжиди имом-хатиби сифатида дин йўлида халқимиз хизматида самарали меҳнат қилган. Айниқса, у киши муфтий Зиёвуддин ибн Эшонбобохон ҳазратлари ва бошқа собиқ муфтийлар билан ёнма-ён, елкама-елка туриб Ислом дини ривожи йўлида халқимиз маърифатини оширишда жонбозлик кўрсатганлар.

Инсон ҳаёт кечирар экан, ўзининг ҳаётий фаолиятида кўплаб яхшиликлар қилади, шогирдлар тарбиялайди, жамият, миллат, қавму қариндошлари учун ўз меҳнатини ва ёрдамини асло аямайди. Орифжон домла ўзларининг сермазмун ва самарали фаолияти, гўзал инсонийлик хулқи билан ҳар қанча эътирофга лойиқ инсондир.

Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят). Ояти каримада таъкидланганидек Ҳожи Ориф домла ана шундай яхши ва эзгу хислатлар эгасидир.

Ислом дини маърифати йўлида соч-соқоли оқарган мўйсафид одамлар ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом йўлида кимнинг сочига оқ тушган бўлса, Қиёмат куни унга нур бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Устоз ҳаётларида кўп машаққатлар, синовларни бошларидан ўтказдилар. Бироқ, Парвардигоримиз ато этган юксак ирода билан, сабр билан бутун умрлари давомида Исломга, миллат маънавиятининг ўсишига, маърифатга, китобхонлик ва мутолаага, айниқса, ёш авлод тарбиясига хизмат қилишдан чарчамайдилар.

Маърифий, самимий суҳбат асносида устоз Орифжон домладан дуо олинди, доимо у кишининг илмий ва касбий масалаларда маслаҳатлашиб туриш илтимос қилинди.

Аллоҳ таоло марҳум устозларимизни раҳмат қилсин, ҳаёт бўлган устозларнинг умрларини узоқ қилиб, кўп йиллар шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатиб, халқимизга маърифат улашиб юришини насиб айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1061 марта ўқилди

Янгиликлар

Top