Ўзбекистон янгиликлари

Буюк алломалар юртига ҳуррият ярашади

Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллик байрами арафасида Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи раиси Осман Местен ушбу қутлуғ сана муносабати билан табрик йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва азиз ўзбек қардошларимни мамлакат мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан чин қалбдан табриклайман. Иншо этган шаҳарлари ва ижод қилган маданий асарлари билан 600 йил ўтган бўлса-да инсонларни ҳайратда қолдириб келаётган, дунёнинг энг муҳташам давлатларидан бирига асос солган Амир Темурнинг авлодларига озодлик ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ярашади. Имом Бухорий ва Имом Мотуридий каби алломаларнинг, муфассиру муҳаддисларнинг, Ибн Синою Фаробий каби мутафаккирларнинг, Алишер Навоий каби шоирларнинг, Хоразмий, Улуғбек ва Беруний каби олимларнинг, Нақшбандий каби авлиёуллоҳларнинг юртига ҳуррият ярашади. Ота боболаридан мерос қилиб олган маданий қадриятларини, оилавий анъаналари, урф-одатлари, ижтимоий ўзига хосликларини бугунга қадар асраб-авайлаб келаётган ўзбек халқига, албатта, энг кўп ярашадиган ҳолат бу – мустақиллик.

Қўлга киритган мустақиллиги натижасида Ўзбекистон 30 йил ичида тарихий осори-атиқаларини, шаҳарларини янгидан жонлантириб, нафақат Осиёда, балки бутун дунёда порлоқ юлдузга айланиб бормоқда. Табиий бойликлари, лаззатли неъматлари, дунёнинг ҳеч бир ерида топилмайдиган гўзал шаҳарлари билан эртакмонанд бир диёрни эслатади Ўзбекистон.

Мазкур хусусиятлари билан маданий қадриятларини асраб- авайлаган ҳолда, онгли равишда халқаро майдонга очилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёти Ўзбекистон – Туркия дўстлик гуруҳи ҳамраиси сифатида менга катта мамнуният бағишлайди.

Шак-шубҳасиз, Туркия халқи ҳам Ўзбекистоннинг ушбу муваффақиятларини катта хурсандчилик билан қарши олмоқда. Ўзбекистоннинг энг ривожланган, энг фаровон давлатлар қаторидан жой олиши – бизнинг ҳам орзумиз. Чунки биз Ўзбекистонни ўзимиздан фарқли бир давлат сифатида кўрмаймиз. Тилимиз, динимиз, урф-одатимиз, тарихимиз, маданиятимиз умумийдир, бир-биридан айрилмас қардошлармиз. Муҳтарам Президентларимиз жаноб Мирзиёев ҳамда Эрдоғон жанобларининг раҳнамоликларида алоқаларимиз жадал ривожланиб бормоқда. Ўтказиб юборилган фурсатларнинг ўрнини изчиллик билан тўлдириб, барча соҳалардаги муносабатларни энг юксак даражага кўтарамиз.

Парламентлараро дўстлик гуруҳи ўлароқ биз ҳам катта шижоат билан меҳнат қилмоқдамиз. Истагимиз – ўзбек-турк алоқаларининг янгидан жонланишига озгина бўлса-да ҳиссамиз қўшилсин. Бугунги кундаги халқаро таҳдидлар ва чақириқларнинг ягона чораси, шубҳасиз, бизларнинг маънавий қадриятларимиздир. Ушбу маънавий қадриятларнинг тарихан тараққий этган маркази, албатта, Ўзбекистондир.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. Истиқлол байроғи ҳур тупроқларда абадулабад ҳилпирасин, иншоллоҳ. Ўзбек-турк халқларининг дўстлиги ҳам дунё тургунча турсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

856 марта ўқилди

Янгиликлар

Top