Ўзбекистон янгиликлари

Ўрта махсус ислом билим юртларида хатмона

Кўкалдош

Кеча “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида битирувчи талабаларнинг “Хатмона – 2017” байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Абдулазиз Мансур, Иброҳим Иномов, ЎМИ матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Акбар Дўстматов; Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари, фахрий устозлар Муродилло ҳожи домла, Абдусалом домла, узоқ йиллар билим юрти мудири лавозимида ишлаган Абдуҳаким қори ака ва талабаларнинг ота-оналари ташриф буюрдилар.  

Тадбирни билим юрти мудири З.Мирсодиқов очиб барчани яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан қутлади ва юртимизда диний таълимга бўлаётган эътибор, билим юртининг эришган ютуқлари ҳақида гапирди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари сўзга чиқиб, битирувчи талабаларга ва тадбир қатнашчиларига самимий табрикларини изҳор этиш билан бирга  панд-насиҳатлар билдириб ўтди. Навбатдаги табрик сўзида “Ислом ота” жоме масжиди имом хатиби Абдуҳаким қори ака талабаларга ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан мисоллар келтириб битирувчиларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақият тилади.

Табрик сўзларидан сўнг билим юрти мударрис ва талабаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда фидокорона меҳнат қилаётган устозлар, намунали хулқи ва аъло баҳолари билан эътиборга тушган талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, муҳтарам ота-оналар ҳам дил изҳорларини айтиб, устозларга ташаккур билдиришди.

Тадбирнинг бадиий қисмида битирувчилар ва 2-3-босқич талабалари бадиий саҳна кўринишларини намойиш этдилар.

Талабалар ўтганлар руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилганидан сўнг тадбир қатнашчилари байрам дастурхонига таклиф қилинди.

А.ҒАНИЕВ,

  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини  

 

 *  *   *

Хадичаи Кубро

Кеча Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юртида катта шодиёна – битирувчи курсларнинг Хатмона тадбири бўлиб ўтди. Билим юрти фаолият бошлаб, илк битирувчиларини чиқарганига 20 йил тўлгани муносабати билан тадбирга фахрий устозлар ҳам таклиф этилди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, фахрий меҳмонлар битирувчилар ва бошқа  талаба қизларга келажакдаги ишларида муваффақиятлар тиладилар. Сўнг Республикамиз Мадҳияси янгради. 3-босқич талабалар ижросидаги саҳна кўриниши асносида битирувчилар саҳнага таклиф этилди. Саловатлар айтилди. 3-босқич талабалари битирувчиларга атаган табрик шеърлари ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Сўнгра 1-босқич талабалари эсдалик совғаларини топширди ва аъло ўқиган битирувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Тадбир сўнгида битирувчи талабаларнинг оналари устозлар ва ходимларга ўз миннатдорчиликларини ва талабаларга эзгу тилакларини изҳор этдилар.

Юртимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида барча битирувчиларга Аллоҳ таолодан улкан зафарлар тилаймиз ва юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишда муваффақиятлар ёр бўлсин!

 

Комила АБДУВАЛИЕВА,

Билим юрти ўқитувчиси

 

 

                                              

6099 марта ўқилди

Янгиликлар

Top