Ўзбекистон янгиликлари

Президент: "Муқаддас ҳадиси шарифларда ҳам хотин-қизларга доимо яхшилик қилиш буюрилган".

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

“Донишманд халқимиз ҳамиша аёлларни эъзозлаб яшаган, хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатиб яшаш эл-юртимизга хос азалий қадриятга айланган.

Буни муқаддас Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири – “Нисо”, яъни “Аёллар” деб аталиши ҳам тасдиқлайди. Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади.

Муқаддас ҳадиси шарифларда ҳам хотин-қизларга доимо яхшилик қилиш буюрилган.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимиз, маърифатпарвар жадидларимиз ҳам оиланинг тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлишида, фарзандлар тарбиясида хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири беқиёс эканини алоҳида таъкидлаганлар.

Бугунги кунда муҳтарама опа-сингилларимиз жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, бошқарув тизимида, тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида, маҳаллаларда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз", - деди давлатимиз раҳбари.

Mанба: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1325

1261 марта ўқилди

Янгиликлар

Top