Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари водий йўлидаги масжид очилишига ташриф буюрдилар (фотолавҳа)

Бугун, 16 март куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида қайтадан бунёд этилган “Хонобод” жомеси фойдаланишга топширилди. Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари масжид қуриш ниҳоятда савобли амал эканини таъкидлаб, қурилиш ишларига ҳисса қўшган барча юртдошларимиз ҳаққига дуо қилдилар.


Шунингдек, муфтий ҳазратлари Набий соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради”, (Имом Муслим ривояти), деган мазмундаги ҳадиси шарифни шарҳлаб бердилар.


Ушбу мазмундаги ҳадислар кишини масжидни обод этишга иштиёқини янада оширади. Шу боисдан ҳам кейинги йиллардан юртимизда кўплаб масжидлар халқимизнинг кўмаги ва саховати билан қайтадан бунёд этилиб, обод қилинмоқда. Буларнинг барчаси эса халқимизнинг Аллоҳга ва унинг уйига бўлган муҳаббати тимсолидир. Мазкур “Хонобод” жоме масжиди ҳам ана шундай саховатпешалар ва ҳашар йўли билан икки йилда қуриб битказилди.


Бунгача эса масжиднинг эски биноси намозхонларга кўплар ноқулайликлар туғдирар, намозхонлар сиғмас, таҳоратхоналарда шароитлар қониқарсиз эди. Шу боис, 2020 йилнинг бошида масжидни қайтадан барпо этишга киришилиб, замон талабларига мос равишда қайтадан қурилди. Масжид хонақосини қайта қурилиши аҳоли, айниқса, Фарғона водийсига йўл олган намозхонлар учун айни муддаодир.

Эндиликда, ҳар қандай йўловчилар бу ерда барча намозларини адо этишлари мумкин. Ҳатто йўловчи аёллар учун ҳам алоҳида намозгоҳлар қилинган.


Масжид хонақоҳи ва ертўла қисмларидан иборат бўлиб, 4000 нафар намозхонни сиғдира олади. Уларга янада қулай шарт-шароитлар қилиш мақсадида барча хоналар замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Маъмурият хоналари, замон талабига мос таҳоратхоналар намозхонлар учун тайёрлаб қўйилди. Масжиднинг олд қисмидаги 2 та минора унга узоқдан ўзгача файз бериб турибди.


Очилиш маросимидан сўнг муфтий ҳазратлари жамоат билан пешин намозини адо этиб, Ҳақ таолодан шу кунларда юртимизда бўлаётган ёғингарчиликларнинг салбий оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб, Истисҳо дуосини ўқидилар.
Масжиднинг қурилишига ҳисса қўшган бара азизларимизни, хусусан, мутасаддиларимизни, ҳомийлар ва усталарни Аллоҳ таоло улуғ мукофотлар билан сийласин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1096 марта ўқилди

Янгиликлар

Top